Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашди.

Икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этган тадбирда давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабати туфайли Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражага чиқиб, ижобий ва барқарор ривожланиш суръати билан ажралиб тургани қайд этилди.

Мулоқот чоғида 2022 йил 53 фоиз ўсган ўзаро товар айирбошлаш миқдорини янада ошириш истиқболи муҳокама қилинди. Кўзланган мақсад  ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш. Бунга, жумладан, нефть-кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари, руда ва концентрат, алюминий, механика ва электротехника ускуналари етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига эришиш режалаштирилган.

Мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, икки давлатнинг йирик шаҳарларида мунтазам савдо ва ишбилармонлик миссиялари, миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Аниқ лойиҳавий ташаббуслар мисолида ўзаро саноат кооперациясини кенгайтириш имконияти кўриб чиқилди. Гап янги лойиҳалар ишлаб чиқишга тизимли ёндашиш, яъни, рақобатдош устунликни ҳисобга олиш, жараённи биргаликда молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ҳақида бормоқда. Автомобилсозлик, пахтачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ипакчилик ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидир.

Худди шу тартибда транспорт ва логистика соҳасида ҳам қатор лойиҳалар амалга ошириш имконияти ўрганилди. Темир йўл орқали юк ташиш ва транзитни кўпайтиришга қаратилган рағбатлантирувчи чоралар кўришга ҳам келишилди.

Учрашув якунида Озарбайжон билан стратегик шерикликни янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

ЎзА