Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Конституциявий қонун лойиҳасини такомилига етказиш жараёнлари хусусида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилди:
— Конституциявий ислоҳотлар жараёнида 20 мингдан ортиқ муҳокамалар ташкил этилди. Фуқаролардан келиб тушган 220 мингдан ортиқ таклифлар, шунингдек, депутатлар ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган таклифлар таҳлил қилиниб, Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилди. Мазкур жараёнда инсон ҳуқуқлари, инсон қадри масаласига устувор аҳамият қаратилди. Натижада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид қоидалар қарийб икки баробарга кўпайди.
Таклифларни саралашда қатор мезонларга амал қилинди. Жумладан, таклифларнинг халқчиллиги, инсон қадрини улуғлашга таянилганлиги, миллий давлатчилигимиз ва қонунларимизга зид келмаслиги, долзарблиги, реал ҳаётга мослиги каби қатор мезонлар асосида муҳим таклифлар танлаб олинди. Амалдаги Конституциямизнинг 60 фоиздан кўпроқ қисмига ўзгартишлар киритилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасида аввал бошида 6 та модда таклиф этилган бўлса, кейинчалик таклиф-мулоҳазалар асосида 30 та модда таклиф қилинди. Энг муҳими, Янги Ўзбекистон шароитида янгиланаётган Конституциямизда “инсон – жамият – давлат”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойиллар конституциявий қоида сифатида муҳрланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида барча соҳаларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланишига эришиш масаласи устуворлик касб этаётир. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилмаслиги аниқ мустаҳкамланмоқда. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим бўлади. Бундан ташқари, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мулк дахлсизлигига оид нормалар ўз аксини топмоқда. Бир сўз билан айтганда, Конституциявий қонун лойиҳасидаги ҳар бир норма халқчил ва инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига қаратилгани билан долзарб аҳамиятга эга, — деди Ж.Ширинов.
Қўшма йиғилишда депутатлар ва Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар Конституциявий қонун лойиҳаси борасида, унга киритилаётган янги нормаларнинг аҳамияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар.
Наврўз Юсупов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Бугунги кунда экологик муаммолар бутун дунёни ташвишга солмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам экологик муаммолар, уларни ҳал этиш чораларини кўриш масаласи долзарб. Шулардан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳасининг 9-бобида экологик ҳуқуқлар акс эттирилмоқда. Ҳар бир инсоннинг экологияга, тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлари белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мустаҳкамланмоқда. Бу, албатта, мамлакатимизда экология билан боғлиқ жараёнларда алоҳида аҳамият касб этади.
Мавжуда Ҳасанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Конституциявий қонун лойиҳасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтиришга қаратилган қўшимча нормалар акс эттирилаётгани “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилга мослиги билан алоҳида эътиборга молик. Жумладан, давлатнинг фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга оид вазифаларини назарда тутувчи янги модда киритилди. Бундан ташқари, мазкур моддага мувофиқ, давлат фуқаролар бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳимояси кучайтирилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилишига шарт-шароит яратиши белгиланмоқда. Бу эса ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлашнинг қонуний асосларини яратади.
Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалардан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна давом эттирилиши таъкидланди. Олимлар, ҳуқуқшунослар, фаол ёшлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтиши режалаштирилгани қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА