Қозоғистон мудофаа вазирлиги Украинадаги қуролли можаронинг ўзига хос томонларини таҳлил қилиб, учувчисиз ўзи учар қурилмалари операторларини ҳамда артиллерия бўлинмалари ҳарбийларини тайёрлашни фаоллаштиради. Мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Султон Камолитдинов журналистлар билан учрашганда шу ҳақда гапирди.

«Табиийки, барча давлатларнинг қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатларнинг боришини кузатиб, таҳлил қилиб бормоқда. Хулосалар чиқарилмоқда. Қуролли можаролар бир-бирига ўхшамайди, ҳар бирининг ўзига хос томони бор. Шу сабабли биз биз ҳам таҳлил қиламиз, кузатамиз, тегишли хулоса чиқарамиз, ўзимизнинг жанговар тайёргарлик дастуримизга тузатишлар киритамиз», – деди у. Камолитдиновнинг айтишича, Қозоғистон армияси учувчисиз ўзи учар аппаратларни бошқарадиган операторларни тайёрлашни жадаллаштирган. Чунки, “мазкур қуролли можаро шуни кўрсатмоқдаки, дронлар разведка мақсадларида ҳам, зарба беришда ҳам фаол қўлланилмоқда», – дея изоҳ берди у.

Вазир ўринбосари шунингдек, артиллерия қўшинлари ҳам замонавий урушда муҳим рол ўйнаётганига эътибор қаратди. «Ракета қўшинларининг урушда артиллерияни қўллаши кенг тус олди, айниқса жанговар тайёргарликдаги тутган ўрни муҳим бўлмоқда», – дея қўшимча қилган у.