Нукус шаҳрида яшовчи Ж.Р. «102» рақамига мурожаат қилиб, номаълум шахс «Нива» русумли автомашинасини олиб қочганини маълум қилган.
Автомашина очиқ ҳолда, қолаверса калити ўзида турганини кўрган номаълум шахс бундан фойдаланган. Машина эгаси эса автомашинасини топиш ва уни олиб кетган шахсга қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу автомашинани номаълум шахс шаҳар ҳудудида бошқариб кетаётгани аниқланган.
Табиийки, ички ишлар ходимлари мазкур транспорт воситасини тўхтатишга ҳаракат қилган. Бироқ, уни бошқариб кетаётган шахс қонуний талабларни бажаришдан бўйин товлаб, қочишга ҳаракат қилган.
Шу жараёнда автомашинадаги қочоқ бошқарувни йўқотиб, темир дарвозага бориб урилиб, авария содир этган.
Ички ишлар органи ходимлари томонидан ушланган қонунбузарнинг шахсига аниқлик киритилганида, у Қўнғирот туманида яшовчи 26 ёшли И.Н. эканлиги ва ушбу жиноятни маст ҳолатда содир қилгани аниқланди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА