“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга қартилган Давлат дастури лойиҳасининг олтинчи – Умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш ҳамда еттинчи – Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишлари муҳокамасига бағишланган навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Давлат дастури лойиҳасида назарда тутилаётган экологик муаммоларни бартараф этиш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини ҳамда давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби мақсадлар доирасида назарда тутилаётган чора-тадбирлар ҳамда улар юзасидан жамоатчиликдан келиб тушаётган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўнгги йилларда муҳим стратег
ик ҳужжатлар, авваламбор кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳоли томонидан билдирилаётган таклифлардан келиб чиққан ҳолда янада халқчил ҳужжатга айланаётгани, айниқса фуқароларнинг бундай муҳокамалардаги иштироки фаол тус олаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, 16 февраль кунига қадар Давлат дастури лойиҳасига бевосита марказнинг электрон платформалари орқали 4,5 мингдан ортиқ таклиф келиб тушганлиги, уларнинг 500 дан ортиғи, айнан муҳокама қилинаётган 6 ва 7-йўналиш бандларига тегишли эканлиги маълум қилинди.
Мазкур йўналишлар бўйича келиб тушган таклифларда асосан экология, коррупция, соғлиқни сақлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, трансчегаравий сувларни бошқариш ва меҳнат миграцияси масалалари ўз аксини топган. Хусусан, бугунги иқлим ўзгариши жараёнларида трансчегаравий сувлардан фойдаланишда томонлар манфаатини ҳисобга олиш, ёшларни мактаб таълимидан бошлаб ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш кабилар шулар жумласидандир.
Шунингдек, муҳокама жараёнида парламент вакиллари ҳамда давлат органлари вакиллари томонидан ҳарбий соҳани такомиллаштиришда ахборот технологияларини кенг жорий этиш, ҳамкор мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича доимий мулоқотларни олиб бориш, улар билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамда турли даражадаги маслаҳатлашувлар узликсизлигини таъминлаш таклифлари билдирилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, фармон лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттириш учун кўриб чиқилиши маълум қилинди.
ЎзА