Президентимизнинг 2022 йил 20 июлдаги “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси дзюдо федерацияси Нукус шаҳар бўлими билан ҳамкорликда 60-сонли мактабгача таълим ташкилотида “Мактабгача дзюдо” дзюдо тўгараги ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарорда дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, дзюдо инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо заллари сонини кўпайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларда дзюдога қизиқиш уйғотиш ва жанг санъатининг ушбу тури бўйича бошланғич кўникмаларни шакллантириш вазифаси белгиланди. Оролбўйи ҳудудида дастлабкилардан бўлиб мазкур мактабгача таълим ташкилотида дзюдо тўгараги очилди.
– Жажжи болажонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоий ривожланиши учун шароитлар яратиш асосий вазифамиз ҳисобланади, – дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Венера Утешова. – Тўгаракка қадам ташлаган болажонлар орасидан келажакда Осиё, жаҳон ва Олимпиада чемпионлари етишиб чиқади, деган умиддамиз.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА