“Анадолу” хабар беришича, Туркия зилзиладан кейинги ёрдами учун НАТО таркибидаги ҳамкорларига миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли пайшанба куни Анқарада НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иштирокида кечган қўшма матбуот анжуманида гапирди.

Туркия дипломатияси раҳбари қутқарув гуруҳлари тегишли манзилларга етиб келгани, шунингдек, НАТО давлатларидан турли кўринишдаги бошқа ёрдамлар юборилганини эслатди. Чавушўғли Президент Режеп Таййиб Эрдоған билан учрашувдан сўнг НАТО Бош котиби фалокат ҳудудига ташриф буюришини ҳам айтди.

Туркия вазири Столтенберг билан минтақавий жараённи, жумладан, Украинадаги вазият ва ғалла келишувини муҳокама қилган. Бундан ташқари Швеция ва Финландиянинг НАТОга мурожаати мавзусига ҳам тўхталиб ўтилган.

НАТОнинг Мадриддаги саммити доирасида Туркия, Финландия ва Швеция томонидан имзоланган уч томонлама меморандум доирасидаги мажбуриятлар бажарилиши юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга Чавушўғли исломга қарши ҳаракатлар ортидан қўлланадиган санкция номақбуллигига эътибор қаратди.

— Антисемитизм ва исломофобия инсониятга қарши жиноятдир, — деди у. —Буларнинг бари умуминсоний меъёрларга ҳечам тўғри келмайдиган ҳаракатлар.

Бош котиб Швецияда юз берган исломофобия кўринишини қоралаб, мусулмонлар учун муқаддас китоб – Қуръонни ёқиш билан боғлиқ иғвони қоралаган ушбу мамлакат Бош вазири муносабатини эсга олди. НАТО Туркия билан бирдамлиги, турк халқи дардига шерик эканини маълум қилди.

— Бу блогимиз ташкил этилгандан бери энг ҳалокатли ва даҳшатли офат, — деди Столтенберг. — НАТО таркибидаги барча мамлакатларда Туркиянинг жабрланган аҳолиси учун ёрдам йиғиш кампанияси ташкил этилиб, миллионлаб евро маблағ ўтказилмоқда. Бу ҳамжиҳатлигимиз рамзидир.

Унинг қайд этишича, НАТО фалокат ҳақида маълумот олгач, дарҳол Туркияни фаол қўллаб-қувватлашга киришган.

 

ЎзА