Жанубий Корея ўзининг ҳарбий жосус йўлдошини коинотга 2023 йил ноябрда учиришни режалаштирмоқда. Yonhap агентлиги мудофаа харидлари миллий бошқармаси маълумотларига таяниб шу ҳақда ёзмоқда.
Хабарда таъкидланишича, жума куни бошқарма вакиллари парламентда маъруза тақдим этган. Мазкур ўн йилликнинг ўрталарига келиб Сеул худди шундай аппаратларнинг сонини бештага етказмоқчи. Жосус йўлдошларининг Ер орбитасида пайдо бўлиши жанубий кореялик ҳарбийларнинг КХДР армиясини кузатиб бориш имкониятларини мустаҳкамлайди. Лойиҳанинг умумий қиймати 927 миллион долларни ташкил этади, деб қўшимча қилган агентлик.
Ўтган йили шимолликлар ўз жосус йўлдошини яратишнинг якуний босқичига алоқадор бўлган ракетани учирган эди. Шимолий Корея ҳукуматининг таъкидлашича, жосус йўлдош яратиш ишларини 2023 йил апрелда якунлаш режалаштирилмоқда.