Ўтган асрда 725 мингдан зиёд одамнинг ҳаётига зомин бўлган 6 та даҳшатли зилзила юз берган. “Риамо” нашри ушбу офатларни ёдга олди.

Ганьсу провинцияси, Хитой. 1920 йил.

Хайюань ўлкасида 16 декабрь куни юз берган ушбу зилзила 270 мингга яқин инсонни ҳаётдан олиб кетди. Плиталар ҳаракати сабаб кўплаб ёриқ ҳосил бўлди, ер ўпирилди. Зилзила кучи 7.8 баллдан юқори эди. Биринчи кучли зарбадан сўнг ер яна кетма-кет қимирлади. Силкиниш шу қадар кучлилигидан оммавий вайронагарлик 3.8 минг квадрат километрни қамради. Сейсмик тебраниш 4 миллион квадрат километр ҳудудда сезилди.

Канто, Япония. 1923 йил.

1 сентябрь куни содир бўлган, магнитудаси 8.3 баллни ташкил этган бу фалокат Токио ва Йокогамани тўлиқ вайрон қилди. Зилзила марказий нуқтаси пойтахтдан 90 километр масофада жойлашган эди. Расмий маълумотга кўра, қурбонлар 142 минг, тақдири номаълум кишилар 40 минг киши эди. Миллиондан ортиқ киши бошпанасиз қолиб, жабрланганлар сони 4 миллионга яқинлашган.Бу кун чиқар юрт тарихидаги энг ҳалокатли зилзила эди.

Ашхобод, Туркманистон. 1948 йил.

Ашхободда 6 октябрга ўтар кечаси бошланган 7.3 магнитудали зилзила ўчоғи шаҳар остида, 18 километр чуқурликда эди. Эроннинг қўшни туманлари ва шаҳарлари ҳам зарар кўрган ушбу ҳалокат қурбонлари сони маълум эмас. Тахминларга кўра, Ашхобод ва яқин ҳудудларда 40 мингдан зиёд инсон ҳалок бўлган. 10 мингга яқин киши оғир жароҳатланган.

Вальдивия, Чили. 1960 йил.

Инсоният тарихидаги энг кучли зилзилалардан бири 22 майда Чилида юз берган. 9.5 балл магнитудали силкиниш 200 минг квадрат/километр майдонда сезилган. Ер қимирлашидан Япония ва Филиппингача етиб борган 10 метр тўлқинли цунами юзага келган. Қурбонлар сони, нисбатан, камроқ – 6 мингга яқин эди. Кўпчилик цунами таъсирида ҳалок бўлган.

Тяншань, Хитой. 1976 йил 28 июль.

Хитой ҳукумати расмий маълумотига кўра, қурбонлар, вайроналар сони бўйича улкан кўлам касб этган мазкур офатда ҳалок бўлганлар сони 242 минг кишини ташкил этди. Зилзила магнитудаси 7.8 баллга тенглашди. Биноларнинг 90 фоизи илк зарбаданоқ кунпаякун бўлди. Фожиа кечаси, ҳамма ухлаб ётган маҳал юз берди. Бу гал 130 мартага яқин такрорий силкинишлар 1 августгача давом этди.

Спитак, Арманистон. 1988 йил.

XX асрда яна бир қўрқинчли зилзила кузатилган. 7 декабрь куни Арманистон шимоли-ғарбида юз берган таббий офат 25 минг кишининг ёстиғини қуритди. Зилзила оқибати Арманистон ҳудудининг, деярли, 40 фоизига тарқалди. 140 минг киши жароҳат олди ёки ногирон бўлиб қолди, 514 минг инсон бошпанасиз қолди. Спитак 6.8 магнитудали зилзила марказида жойлашган эди. Бундан ташқари яқин атрофдаги 58 та қишлоқ бутунлай вайрон бўлди. Кетма-кет силкиниш 321 шаҳар ва аҳоли манзилига зиён етказди.

И.Абдумаликзода тайёрлади.

ЎзА