Чемпионат жорий йил 17-18 март кунлари Бангладеш спорт ва ёшлар вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Осиё-Океания кураш конфедерацияси ҳамда Бангладеш кураш ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Куни кеча Тошкентда жойлашган Осиё-Океания кураш конфедерацияси раиси Комил Рўзиев ташаббуси билан Бангладеш спорт ва ёшлар вазирлиги, ушбу давлат Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, мутахассислари иштирокида онлайн тарзда чемпионатга тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.

Мусобақалар доирасида ўтказиладиган тадбирлар, хусусан кураш мураббийлари ва ҳакамлар учун халқаро семинар, курашнинг азалий анъаналари, келиб чиқиш тарихи бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Айтиш лозим, Жанубий Осиё ҳудудида кураш спорти сўнгги йилларда барқарор ривожланмоқда. Осиё-Океания таркибига кирувчи 8 та давлатдан 6 тасида кураш федерациялари иш тизими йўлга қўйилган.

Бангладеш кураш ассоциацияси 2019 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, қисқа фурсатда Халқаро кураш ассоциациясининг тўлақонли аъзоларидан бирига айланди. Мамлакат спортчилари қитъа ва жаҳон чемпионатларида, халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

Мулоқот давомида таъкидланганидек, Жанубий Осиё чемпионатини ташкил этиш борасида Бангладеш кураш ассоциацияси ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб бормоқда. Мусобақалар “Mujib Centenary International Rankala Krira-2023” маданий дастурлари доирасида Миллий спорт кенгаши гимназиясида ўтказилиши режалаштирилган.

Суҳбат давомида чемпионатнинг рамзи, ғолиб ва совриндор спортчилар учун бериладиган медаль ва дипломлар, меҳмонларга тақдим этиладиган эсдалик нишонлари хусусида ҳам фикрлашилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА