Туркиядаги зилзила қурбонлари 31643 кишига етди. Бу ҳақда ҳукумат ҳузуридаги Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга қарши кураш бошқармаси (AFAD) хабар берди.

Маълумотга кўра, маркази Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик ва Элбистон туманларида содир бўлган икки зилзиладан кейин сейсмологлар ер жами 2724 силкинганини қайд этган.

Газиантеп, Шонлиурфа, Диёрбакир, Адана, Адияман, Усмония, Ҳатай, Килис, Малатия ва Элазиг ҳудудларида ҳам офат кенг миқёсда вайронагарчилик келтириб чиқарди.

Ҳозиргача мамлакатнинг ўн вилоятидан 158 165 фуқаро эвакуация қилинди.

AFAD қидирув-қутқарув гуруҳлари, полиция махсус кучлари, денгиз муҳандислиги, қирғоқ хавфсизлиги, табиий офатларни бошқариш хизматлари, ўт ўчириш бригадаси, Миллий вазирликнинг 35 495 аъзоси, шунингдек хориждан келган 9793 нафар мутахассис қидирув ишларини олиб бормоқда.

Халқаро ёрдамни мувофиқлаштириш учун офат зонасига 13 элчи, Ташқи ишлар вазирлигининг 17 нафар ходими юборилди. Чиқиндини тозалашда 12 минг 322 техника, асосан, эксковаторлар, эвакуатор, кран, бульдозер, автомашина, сув ташувчи, тиркама, грейдерлар жалб этилган.

Ҳарбий ҳаво кучлари Олий қўмондонлиги, Қуруқлик қўшинлари, Соҳил Хавфсизлик ва Жандармерия қўмондонлигига қарашли 170 вертолёт, 76 самолёт жами 4097 марта парвоз қилиб, қутқарувчи ва шифокорларни фалокат жойига етказишди.

Табиий офат пайтида психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари доирасида Қаҳрамонмараш, Ҳатай, Усмония ва Малатия шаҳарларида 4 та мобил ижтимоий хизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди.

“Анадолу” хабарига кўра, Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида зилзиладан 176 соат ўтиб, қутқарувчилар вайрона остидан бир аёлни қутқаришга муваффақ бўлишди. Антакия шаҳрида яшовчи Сероп Дўнмез Жабройил маҳалласида қулаган уй девори остидан тортиб олинди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, жабрдийда шифохонага етказилди. Адияман шаҳрида эса халоскорлар зилзиладан 178 соат ўтиб 6 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолишди. Қидирув давом этмоқда.

 ЎзА