Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш учун электрон платформа ишга туширилди. HRM.ARGOS.UZ дастури давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда “Рақамли давлат фуқаролик хизмати” концепцияси доирасида инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишидаги бюрократик тўсиқларга чек қўйиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Эндиликда кадрларга оид иш юритув ҳужжатлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилинади ва юритилади.

Платформа Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ҳамда Ягона миллий меҳнат тизими — my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграллашган. Ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда шаклланади. Электрон тизим 2023 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларда жорий этилмоқда.

Маълумот учун, ўтказилган таҳлилларга кўра 70-80 нафар ходим фаолият юритадиган битта ташкилот кадрлар бўлинмаси 1 ойда ўрта ҳисобда 3-4 ўрам қоғоз ишлатади, бу 1 йилда 48 ўрам ёки 200-250 килограммгача қоғоз дегани. Барча вазирлик ва идоралар, уларнинг қуйи тизимлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларни ҳисобга олганда, бир неча тонна қоғоз сарфланаётганини англатади. Яъни кадрлар бўлинмалари умумий меҳнат вақтининг 45 фоизи ортиқча қоғозбозлик ва турли бюрократик юкламалардан иборат бўлган.

Жорий этилаётган автоматлаштирилган дастур буларнинг барчасини ўзида акс эттирган бўлиб, электрон ҳужжат алмашинуви тамойили асосида ишлайди. Бу билан, кадрлар бўлинмаларининг ортиқча қоғозбозлик ва турли бюрократик юкламаларига чек қўйилмоқда.

Платформа орқали вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага жамланган ҳолда ахборот тўпланади ва унга ишлов берилади.

Ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели, шунингдек, хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври электрон шаклда қайд этиб борилади. Ходимларнинг иш фаолияти самарадорлиги автоматик баҳолаб борилади. Кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади.

Бугунги кунда дастурга 4 мингга яқин ташкилотлар уланган.

 ЎзА