Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида IТ-парк директорининг таълимни ривожлантириш бўйича ўринбосари Маҳлиё Муҳсинова иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда IТ-соҳани янада ривожлантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, халқаро IТ-сертификатларини олишда рағбатлантириш тизими ёшларнинг муваффақиятли ижтимоийлашуви ва ўз устида ишлаш учун шароит яратишга, салоҳиятини ошириш, шунингдек, мамлакат ривожи йўлида салмоқли ҳисса қўшишига кўмаклашмоқда.

Рағбатлантириш дастури IТ-мутахассисларига халқаро сертификат олишга сарфланадиган маблағнинг 50 фоизигача компенсация олиш имконини беради. Компенсация пулини халқаро IТ-сертификатларини олган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари қўлга киритиши мумкин. Аризалар онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали юборилади. Компенсация бериладиган халқаро IТ-сертификатларининг тўлиқ рўйхати it-istedod.uz сайтида жойлаштирилган. Ушбу халқаро IТ-сертификатларни олиш учун онлайн ва офлайн тарзда курсларни тугатиш мумкин.

Онлайн курсларни HUAWEI, Coursera, Skillbox, Geekbrains каби платформаларда, офлайн таълимни эса IТ-Парк Тошкент филиалида ҳамда пойтахтда жойлашган бир қатор хусусий ўқув марказларида олиш мумкин.

Сифатли IТ-таълимнинг асосини яратиш ва соҳа қизиқувчиларга, шунингдек, IT-Парк резиденти бўлган таълим муассасалари битирувчиларига ускуналар харид қилиш учун кредитлар бериш имконияти тақдим этилди. Қарз маблағлари 2 йил муддатга тақдим этилиб, унинг фоизи Ёшлар ишлари агентлиги бюджети ҳисобидан қопланади. Асосий қарзни қарз олувчининг ўзи тўлайди.

Кредитларни “One Million Uzbek Coders” платформасидаги курсларни максимум икки ой олдин тамомлаганлик сертификатига эга бўлганлар ёки охирги 6 ой давомида IT-Парк резиденти ҳисобланган ташкилотларнинг IТ соҳадаги ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлганлар олиши мумкин.

Пул маблағлари “Халқ банки”, “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда берилади.

Комплекс чора-тадбирларнинг амалдаги исботи ўлароқ, 2022 йилда бўлиб ўтган “ICTWEEK Uzbekistan” ҳафталиги доирасида 200 миллион долларга яқин 10 та йирик ҳужжат имзоланди.

Жумладан, Coursera  халқаро очиқ онлайн таълим платформаси билан келишувга кўра, 2023 йилдан бошлаб 1 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ўғил-қизлар IТнинг 3 та асосий йўналиши (Frontend, Python, IT-English) бўйича платформадаги мавжуд онлайн курсларда қатнашиши ва халқаро IТ –сертификатга эга бўлиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, сифатли ва ҳамёнбоп IТ-таълимни ривожлантириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT-Парк маъмурияти билан ҳамкорликда IТ-Билим молиялаштириш ташкилоти ва bilgi.uz платформалари ишга туширилди.

Ушбу платформа орқали IТ-соҳасида билим олишни хоҳловчи ёшлар, молиявий ёрдамга муҳтожлар, таълим муассасалари, молиявий ташкилотлар ва мурожаатчилар IТ Билим ташкилотига мурожаат қилиб, Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда, имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатда мақсадли қарз олишлари мумкин бўлади.

Маблағлар ариза берувчининг молиявий барқарорлик кўрсаткичлари, гаров таъминоти миқдори ва талабларидан келиб чиқиб ажратилади.

 

ЎзА