Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида Тошкент – Чимкент – Тошкент йўналишида дўстлик велопойгасига старт берилди.
Шу муносабат билан Абай ҳайкали қад ростлаган Қозоғистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси олдида ташкил этилган тантанали тадбирда қўшни республикадан ташриф буюрган меҳмонлар – Чимкент шаҳар ҳокимлиги, маданият ва спорт соҳаси масъуллари, ҳаваскор велоспортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар икки қардош халқ муносабатлари қадим дўстлик анъаналари асосида тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бу жиҳатлар барча жабҳаларда яққол намоён бўлаётганини алоҳида эътироф этди.
Дўстлик ришталарининг яна бир ифодаси сифатида ташкил этилган велопойгада икки мамлакатдан жами 130 дан зиёд турли ёшдаги фуқаролар иштирок этмоқда.
Мазкур пойга масофаси 130 километрни ташкил этиб, иштирокчилар Чимкент шаҳридаги Астана кўчасида марра чизиғини кесиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама халқаро алоқаларни ривожлантириш, “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш, мамлакатларимиз ўртасида спорт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Улуғбек Асроров, ЎзА