Ўтган 2022 йилда бокс бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари халқаро мусобақаларда 266 та медаллар жамланмасини қўлга киритган. Шундан 120 та олтин, 71 та кумуш ва 75 та бронза медалларидир.

Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шахид Тиллабоев Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида бокс бўйича 2022 йилги натижалар ва 2023 йилги режаларга бағишланган тақдимот йиғилишида маълум қилди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, федерация масъуллари, мутахассислар, мураббийлар иштирок этган тақдимот давомида жорий йилда бокс бўйича терма жамоа аъзолари жаҳон бокс рингларида ўтадиган 24 та халқаро мусобақаларда қатнашиши, юртимизда ёшлар, ўсмирлар ва катталар иштирокида 13 та республика миқёсидаги мусобақалар ташкил этилиши билдирилди.

Ушбу мусобақаларнинг энг асосийлари – жорий йил май ойида пойтахтимизда катталар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионати ҳамда август-сентябрь ойларида Хитойда бўладиган ёзги Осиё ўйинларидир.

Тақдимот жараёнида Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган асосий ва захира таркиб, кўзланаётган натижалар, терма жамоанинг тайёргарлик режаси атрофлича таҳлил қилинди.

Муҳокамаларда ўтган йили мамлакатимизда ташкил этилган чемпионатлар ва уларда ҳудудий терма жамоаларнинг қай тартибда қатнашгани, эришилган натижалар, жойларда ёш боксчилар билан шуғулланаётган бокс мураббийларининг билим даражаси, вилоятлар кесимидаги кўрсаткичлар аниқ рақамлар мисолида кўриб чиқилди.

Мутахассислар тақдим этган маълумотга кўра, 2022 йил давомида бокс бўйича ўтказилган мусобақаларда энг кўп иштирокчи ва салмоқли совринли ўринларга Бухоро, Андижон, Тошкент вилояти боксчилари сазовор бўлган. Ҳар икки ҳолатдаги паст кўрсаткични эса Сирдарё, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари қайд этган.

Таъкидлаш лозим, юртимиз чарм қўлқоп усталари ортда қолган спорт мавсумидаги бирон бир халқаро мусобақадан медалсиз қайтмади. Бу натижаларда ҳам акс этди. Зотан, рақамлар, натижалар қилинган меҳнатлар маҳсули ҳисобланади.

– Жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида режадаги натижага эришиш асносида “Париж-2024” учун муносиб захира ҳозирлаш ҳаракатларимизнинг энг юқори нуқтаси саналади, – дейди бокс бўйича мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев.

Дарвоқе, тақдимотда келтирилганидек, боксчиларимиз кечиктириб ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинларида 7 та совринли ўринларни эгаллашни мақсад қилган. Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида боксчиларимиз 5 та олтин ва 2 та кумуш медалларга сазовор бўлган эди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА