Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида белгиланган дастур асосида федерация ва ассоциацияларнинг 2023 ва 2024 йиллар учун ишлаб чиқилган стратегиялари кўриб чиқилмоқда.

Мақсад, мамлакатимиз спортчиларининг жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ҳамда 2024 йил Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ҳолатини таҳлил этиш.

Куни кеча Ўзбекистон замонавий бешкураш, регби ва ўқ отиш спорти федерациялари ўз тақдимотларини ўтказди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, федерацияларнинг масъуллари, мутахассислар иштирок этган тақдимотда мазкур давр учун ишлаб чиқилган режалар, ўтказиладиган ўқув-машғулотлар, халқаро мусобақалар мундарижаси, спортчиларни саралаш ва уларнинг саломатлигини назорат қилиш тизими, ўтган 2022 йилдаги натижалар, давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши каби масалалар атрофлича таҳлил этилди.

Муҳокамалар давомида замонавий бешкурашда ёш спортчиларни тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, яқин йилларда улар халқаро майдонда юқори савиядаги атлетлар бўлиб етишиб чиқиши таъкидланди. Шунингдек, регби спортида ҳам истиқболли режалар муҳокама қилинди, дейилади Миллий Олимпия қўмитаси хабарида. Федерация бош котиби Қаҳрамон Жалилов хорижлик мураббийлардан ташкил топган штаб ўзбек регбиси ривожини янги босқичга олиб чиқиши кутилаётганини билдирди.

Ўқ отиш спорти турларида ҳам юқори натижалар қайд этилаётганлиги, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва кубоги босқичларида ҳамюртларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олаётганлиги, мерганларимиз Осиё ўйинлари медаллари ва «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш олиб бориши йиғилиш давомида маълум қилинди.

Учрашувларда ҳар бир терма жамоаларнинг тайёргарлик режаси атрофлича таҳлил қилиниб, спортчиларнинг натижаларини ошириш, машғулотлар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш йўналишларида қўшимча тавсиялар берилди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маълум қилишича, дастурга биноан 2023 ва 2024 йиллар учун ишлаб чиқилган стратегияларни кўриб чиқиш ишлари бокс, дзюдо, йилқичилик ва от спорти турларида давом этади.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Ўзбекистон Республикаси Президентининг бундан икки йил муқаддам имзолаган қарорига асосан 2024 йил Парижда (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланганди.

Унга кўра, Олимпия ўйинлари бўйича 244 та дастурда иштирок этиш ҳамда 26 та спорт тури бўйича 103 та лицензияни, шу жумладан, 8 та истиқболли олимпия спорт турлари бўйича (бадминтон, стол тенниси, қояни забт этиш, сув полоси, синхрон сузиш, сувга сакраш, от спорти, триатлон) 31 та дастурда иштирок этиш ва лицензияларни қўлга киритиш белгиланганди.

Бундан ташқари, Паралимпия ўйинлари бўйича 476 та дастурда иштирок этиш ҳамда 12 та спорт тури, шу жумладан, бочча, пара стол тенниси, пара камондан отиш, пара велоспорт бўйича 105 та лицензияни қўлга киритиш назарда тутилганди.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, 2023 ва 2024 йиллар учун ишлаб чиқилган стратегиялар бўйича ўтказилаётган тақдимотларда спорт таълим муассасаларининг ҳар бир спорт тури бўйича ўқитувчи ва мураббийлари, ҳудудлардаги олий спорт маҳорати мактабларининг тренерлари ҳам онлайн тарзда қатнашилса, кўрилаётган чоралар, таҳлиллар янада чуқурроқ бўлиши, қабул қилинган қарорлар ижроси таъминланишида самарадорликка эришилиши ортарди.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА