Сербия пойтахти Белград шаҳрида имконияти чекланган инсонлар ўртасида бошланган биринчи шахмат олимпиадасида ўзбекистонлик матонат ва ирода соҳиблари ҳам Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Нуфузли мусобақада 33 та мамлакатнинг 100 нафарга яқин шахматчиси 26 та терма жамоа таркибида қатнашмоқда.

Имконияти чекланганлар ўртасидаги илк шахмат олимпиадаси тантанали очилиш маросимида Халқаро шахмат федерацияси раҳбарияти, Сербия ҳукумати вакиллари, иштирокчи давлат делегатлари қатнашиб, ўтказилаётган мазкур мусобақа шахмат оламидаги чексиз имкониятларни намойиш қилишда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Нуфузли мусобақада юртимиз шарафини Сирожиддин Зайниддинов, Сардорбек Мамаражабов, Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шоюсупов ва Собиржон Саидовдан иборат 5 нафар шахматчи ҳимоя қилмоқда.

Мамлакатимиз шахматчилари илк турда оқ доналарда Филиппин терма жамоасига қарши баҳс юритди.

Дастлабки турда баҳс юритган Мамаражабов, Шоюсупов, Зайниддинов рақибларига имкониятни бой берган бўлса, Кимсанбоев дурангга эришди. Натижада Ўзбекистон-Филиппин учрашуви 0,5:3,5 ҳисобида якунланди.

Ортда қолган дастлабки ўйинлар сарҳисобига кўра, ФИДЕ жамоаси, Ҳиндистон, Руминия, Филиппин вакиллар пешқадамлик қилмоқда. Ҳамюртларимиз Кимсанбоевнинг дуранги эвазига 23-ўринда бормоқда.

Ҳамюртларимиз бугун, 31 январь куни ўтадиган 2-тур учрашувида Хорватия терма жамоасига қарши баҳс юритади. Хорватия вакиллари кеча ўтган 1-турда Сербия-2 жамоасига 1,5:2,5 кўринишида мағлуб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур олимпиада швейцарча тизимда 6 турдан иборат бўлиб, баҳслар 5 февралга қадар давом этади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА