Ўқ отиш бўйича ўтказилган Жаҳон кубоги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммад Камолов олтин медалга мушарраф бўлди.
Маҳоратли спортчимиз Индонезияда ташкил этилган мусобақанинг 10 метрга тўппончадан ўқ отиш дастурида иштирок этиб, саралаш баҳсларида барча рақибларини доғда қолдирди.
Олтин медаль учун кечган баҳсда Муҳаммад Камолов туркиялик Муҳаммад Келесдан устун келди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу ғалаба орқали ҳамюртимиз жаҳон ва Олимпиада рейтинги учун 2000 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Терма жамоамиз аъзосидан кейинги ўринларни туркиялик ҳамда индонезиялик мерганлар эгаллади.
Яна бир эътиборли жиҳат, Жаҳон кубогининг ушбу йўналишида Камоловнинг муваффақияти ўзбекистонлик спортчиларнинг дастлабки ютуғи ҳисобланади, дейилади Миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Т.Рўзиев,
ЎзА