Бугун, 27 январь куни Нидерландияда давом этаётган “Tata Steel Chess” халқаро турнири “Мастерс” гуруҳидаги 11-тур ўйинларининг дастлабки жуфтликлари иштирокидаги баҳслар якунланди.
Ушбу гуруҳда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда нидерландиялик Аниш Гири билан баҳс юритди.
Тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг 29-юришида томонлар муроса йўлини танлади. Ҳисоб 1/2:1/2 кўринишини олди. Шу тарзда мусобақада пешқадамлик қилаётган Нодирбек 7,5, Аниш Гири 7 очкога эга бўлди. Эътиборли жиҳати, бугунгача профессионал шахмат мусобақаларида Абдусатторов-Аниш Гири уч марта рўбарў келган бўлса, ҳар сафар дурангга эришилган. Ушбу тенглик улар ўртасидаги тўртинчи дурангдир.
Шунингдек, 11-турнинг Левон Аронян-Фабиано Каруана, Дин Лижэнь- Жорден Ван Форест ўртасидаги учрашувларда ҳам тенгликка келишилди.
Кутилаётган натижалар сарҳисоби ҳақида гапирадиган бўлсак, халқаро турнирда ҳозирча 6 очкога эга Магнус Карлсен – Уэсли Со тўқнашувида қандай натижа қайд этилишидан қатъи назар, Абдусатторов пешқадамликни сақлаб қолаверади.
Эртага, 28 январь куни бўладиган 12-тур ўйинида Нодирбек қора доналарда америкалик Уэсли Со билан баҳс юритади.
Т. Рўзиев, ЎзА