Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича давом этаётган U 22 Осиё чемпионатининг қизлар баҳсида кеча 22 январь куни ярим финал жанглари ўтказилди.

Шиддатли жангларда иштирок этган 8 нафар боксчи қизимиздан 6 нафари ғалабага эришиб, финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, 2 нафари бронза медаллари билан кифояланди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Азиза Зокирова ва Соҳиба Рўзметова икки кун муқаддам финал йўлланмасини нақд этган бўлса, улар сафига энди Фарзона Фозилова, Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова, Нигина Ўктамова, Навбаҳор Ҳамидова ва Ситора Турдибекова қўшилди. Саҳобат Ҳусанова ва Зиёда Ярашова бронза медали билан кифояланди.

Бугун, 23 январь куни ўғил болалар ўртасида ярим финал жанглари бўлиб ўтади.

Унда ҳамюртларимиздан ўз вазнларида Шодиёр Мелиқўзиев филиппинлик Лестер Дуренс, Муҳаммадқодир Мамиржонов таиландлик Танарат Саенгпет, Дилшод Абдумуродов индонезиялик Фидо Рафаэль, Шаҳбоз Юнусалиев қирғизистонлик Аскат Култаев, Бекзод Ҳамидов қирғизистонлик Ихтиёр Нишонов, Нурислом Исмоилов қирғизистонлик Нурадин Рустамбек Уулу, Аълохон Абдуллаев тожикистонлик Абдумалик Болтаев, Шоҳжаҳон Абдуллаев қирғизистонлик Нурсултан Болотбаев, Нусрат Тоҳиров қозоғистонлик Ерхат Бекзат ҳамда Жаҳонгир Зокиров қозоғистонлик Аманат Сабиргали билан рўбарў келади.

Қизлар ўртасида 25 январь куни ўтадиган финал жангларида мамлакатимизнинг 8 нафар боксчи қизи олтин медаллар учун баҳс олиб боради.

Ўғил болалар ўртасидаги финал жанглари эса 26 январь куни ташкил этилади.

 

Т. Рўзиев,

ЎзА