Нидерландияда давом этаётган «Tata Steel Chess» халқаро турнирининг 8-тур баҳслари ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров учун ортда қолди.
Бугун, 22 январь куни ушбу турда Нодирбек қора доналарда АҚШ вакили Левон Аронянга қарши дона сурди.
Тенг курашлар остида ўтган ўйинда томонлар муроса йўлини танлаши натижасида Абдусатторов 6 очкога эга бўлган ҳолда пешқадамликни сақлаб қолган бўлса, Ароян ўз ҳисобидаги очколарни 4.5 тага етказишга эришди.
Яна бир эътиборли жиҳат, Ўзбекистон шахмат федерациясидан маълум қилишларича, «Tata Steel Chess» мусобақасида Нодирбекка таниқли шахматчимиз Рустам Қосимжонов мураббийлик қилмоқда.
«Челленжер» гуруҳининг 7-туридан кейин 2-ўринга кўтарилиб олган Жавоҳир Синдоров 8-турда туркиялик Мустафа Йилмаз билан қора доналарда баҳс юритди.
Афсуски, ҳамюртимизнинг сўнгги ҳаракатлари омадсиз якун топди. Бу эса туркиялик шахматчининг 5.5 очкони қўлга киритишини таъминлади.
Синдоров 5 очкога эга бўлиб турган «Челленжер» гуруҳида Германия шарафини ҳимоя қилаётган Александр Донченко 6 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда.
Эртага, 23 январь халқаро турнир дастурига биноан «Мастерс» ва «Челленжер» гуруҳларида дам олиш куни этиб белгиланган.
Ҳар икки гуруҳдаги 9-тур ўйинлари 24 январь куни бўлиб ўтади. Ўша куни Нодирбек Абдусатторов германиялик Винсент Кеймер билан рўбарў келса, Синдоров америкалик Мишра Абхиманю билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, «Tata Steel Chess» халқаро турнири 29 январга қадар давом этади. Мусобақаларнинг ҳар икки гуруҳидаги умумий турлар сони 13 тани ташкил этади.
Т. Рўзиев, ЎзА