Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган Халқаро кураш институти эксперти, ўзбек спорти – кураш бўйича кўплаб ўқув ва услубий қўлланмалар, китоблар ҳамда видео дарсликлар муаллифи бўлган тажрибали мутахассис Ким Эур Жонг Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль томонидан мақтов ёрлиғи билан тақдирланди.
Бу ҳақда Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Тақдирлаш маросими Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтди. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ким Хи Санг томонидан ёрлиқнинг асл нусхаси кураш мутахассисига топширилди.
Айтиш лозим, Ким Жонг бир неча йиллардан бери дунёда азалий қадриятимиз кураш бўйича ҳакамларни тайёрлаш борасида саъй-ҳаракат кўрсатиб келмоқда. У узоқ йиллар Корея кураш ассоциацияси президенти, Осиё-Океания Кураш конфедерацияси вице-президенти, Халқаро кураш ассоциацияси Ҳакамлик қўмитаси раиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.
У айни кунларда Халқаро Кураш институти эксперти вазифасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси ўқитувчиси бўлиб, курашнинг илмий асослари, кураш ҳакамлиги назарияларини тадқиқ этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА