Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Қорақалпоғистон Республикасининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, инфратузилмавий шарт-шароитларни яратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқларида инновацион жараёнларнинг жадаллашувига эришиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ҳудудни жадал суръатларда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш;
ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш;
таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш;
ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш.
2. Қорақалпоғистон Республикасида ҳудуднинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш йўналиши доирасида:
а) Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда;
ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида;
якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгилансин.
Бунда йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахсларга мазкур бандда белгиланаётган имтиёзлар татбиқ этилмайди;
б) 2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси) томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилсин;
ажратиладиган кредит суммасининг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилсин;
в) Қорақалпоғистон Республикасидаги ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан тўғридан-тўғри Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағлари тақдим этилсин.
Бунда ажратилган мазкур кредит маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифлари асосида Ҳукумат комиссияси (Ж. Ходжаев) томонидан тақсимланади;
г) Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари (М.Убайдуллаев, А.Камалов, Д.Султанов) Қорақалпоғистон Республикасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2022 йил якунига қадар дастур учун ажратилган ресурслар ҳисобидан қўшимча равишда 200 миллиард сўм кредит ажратилишини таъминласин.
Белгилансинки, қонунчиликда мазкур банддагидан ортиқ солиқ имтиёзлари назарда тутилган бўлса, тадбиркорлик субъектлари учун қулай солиқ имтиёзлари татбиқ этилади.
Мўйноқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари учун қонунчиликда солиқ имтиёзларининг кенгайтирилган рўйхати мавжудлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тижорат банкларига ва “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза II” лойиҳаси доирасида молиялаштириш ишларини ташкил қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида қуйидаги шартлар ва йўналишлардаги кредит линиясини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
а) 95 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада ажратилади. Бунда:
тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (бундан уй-жой қурилиши, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари мустасно) учун йиллик 14 фоиз ставкада, 7 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 10 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;
ажратилган мазкур кредит линиясидан молиялаштириладиган лойиҳалар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тавсиясига асосан Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев) томонидан шакллантирилади;
б) “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза II” лойиҳаси доирасида молиялаштириш ишларини ташкил қилиш учун 5 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси маблағлари ажратилади.
Бунда Жамғарма Сув хўжалиги вазирлигига 2023 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида қисқа муддатли кредит ажратсин ва ушбу кредит кейинчалик лойиҳа буюртмачиси – Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Нукус филиалига ўтказилсин.
Сув хўжалиги вазирлиги Жамғарманинг жалб қилинадиган кредитини олувчи, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Нукус филиали ушбу кредитларнинг мақсадли ва самарали фойдаланишига жавобгар ижроия орган ҳисобланади.
Молия вазирлиги 2023 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатда Жамғармадан жалб қилинган кредитни қайтариш ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни Марказий банк томонидан ўрнатилган тўлов кунидаги валюта курслари бўйича фарқни ҳисобга олган ҳолда АҚШ доллари эквивалентида Жамғармага Давлат бюджетидан қайтаради.
4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ж.Ходжаев) мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бепул асосда кўмаклашувчи “Инвесторларга кўмак маркази”ни;
“Инвесторларга кўмак маркази” қошида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларида майдони камида 10 гектар бўлган ишлаб чиқариш технопаркини ташкил этсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишда:
а) энг яхши таклифлар 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан бошлаб кўриб чиқилади;
б) ишчи орган Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобланади;
в) қуйидагилар:
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш;
энг яхши таклиф деб танлаб олинган йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи инвесторларга ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан амалга оширилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур банддан келиб чиқадиган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча солиқ тўловчилардан ундириладиган солиқлар 2022 йил учун Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг тасдиқланган миқдорларидан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ўтказилади;
мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари ходимларининг, жумладан, тарбиячи ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи ҳамда унга нисбатан ҳисобланган ижтимоий солиқ тўловларини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан амалга ошириш тартиби сақлаб қолинади.
Бунда солиқ имтиёзлари жорий этилиши сабабли юзага келадиган Қорақалпоғистон Республикаси бюджети даромадларидаги йўқотишлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро тартибга солувчи трансфертлар ҳисобига тўлиқ қопланади.
7. Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда оғир шароитли ҳудудларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш мақсадида 2022 йил III чоракдан бошлаб 2024 йил якунига қадар ҳар чорак якуни бўйича қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми, истисно тариқасида, тўлиқ Қорақалпоғистон Республикасида қолдирилсин.
8. Қорақалпоғистон Республикасида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналиши доирасида:
а) 2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида аукцион савдоларида реализация қилинадиган фойдали қазилма конлари ва истиқболли участкалар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари:
мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига бошланғич қиймати 50 фоизга камайтирилган ҳолда чиқарилсин;
мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилинишидан тушадиган маблағлардан Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига йўналтириладиган қисмининг 50 фоизи мазкур ер участкалари жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетига уларнинг қўшимча манбалари сифатида ўтказилсин;
в) хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган давлат активларини (бундан ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари мустасно) сотишдан тушган маблағлар, уларни баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳудудий жамғармасига мақсадли йўналтирилсин;
г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–264-сон қарорининг 1-бандида назарда тутилган давлат активларини ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларида сотиб олишда қўлланиладиган қоидалар Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларида жорий этилсин;
д) Бош вазир ўринбосарлари Ш.Ғаниев ва Ж.Ходжаев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Воитов), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамроев), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) ва Кадастр агентлиги (Ф.Пулатов) билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар хорижий экспертларни жалб қилиб, Қорақалпоғистон Республикасида сув ҳисобини юритиш, йўқотишларни камайтириш ва сув таъминотини барқарорлаштириш дастурини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин.
Бунда сув таъминотини яхшилаш жамғармасини ташкил этиш ва унга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни, ирригация ва мелиорация объектларини реконструкция қилиш учун кўзда тутилган бюджет маблағларини йўналтириш кўзда тутилсин.
9. Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш йўналиши доирасида:
а) фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартириладиган, аҳоли пунктига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ҳудудлардан захирага қайтарилган ер майдонлари 2-иловага мувофиқ деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга, истисно тариқасида, 2 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–52-сон қарори талабларига асосан мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача, аммо гектарига 7 миллион сўмдан ошмаган миқдорда йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада, 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Бунда Марказий банк (Б.Захидов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги фермер хўжаликларига 200 миллиард сўм ва мазкур Фармоннинг 9-банди “а” кичик бандига асосан очиқ электрон танлов орқали экин майдонларини ижарага олган деҳқон хўжаликлари учун 50 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ажратилишини таъминласин;
в) Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Ғаниев, Ж. Қўчқоров) бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг нотекислигини ва сув ресурсларининг меъёрдан ортиқ сарфланишини бартараф этиш мақсадида 2022-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги ер майдонларини лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлар ёрдамида текислаш учун ҳар бир гектарига субсидия ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин;
г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4576-сон қарорининг 3-бандида белгиланган субсидия ажратиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси учун 2 йил муддатга узайтирилсин;
д) Молия вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Қорақалпоғистондаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер майдонларини суғориш учун чуқурлиги 5 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларини қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишини таъминласин;
е) Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Ғаниев, Ж. Қўчқоров) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги “Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–7-сон қарори талабларига мувофиқ, 2023 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикасидаги фермер хўжаликлари томонидан камида 200 та янги юқори унумли комбинацион техникаларни харид қилиш учун субсидиялар ажратилишини таъминласин.
10. Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасида қўшимча имкониятлар ва инсон капитали ривожини янги босқичга кўтаришга шарт-шароит яратиш йўналиши доирасида:
а) Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси (А. Арипов) Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг зарур таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича шакллантирилган буюртмасига мувофиқ, ўн кун муддатда 2022/2023 ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 500 нафар ёшларнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинишини таъминласин.
Бунда мазкур қабул кўрсаткичлари бўйича ўқишга қабул қилинган талабаларга ажратилган таълим кредитлари бўйича фоиз тўловларини Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш имконияти яратилсин;
б) Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасаларини салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларида экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва қурилиш йўналишлари бўйича таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилсин;
в) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик бўйича битимларни имзолаш, истисно тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилсин;
г) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб 5 йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотлари ўқув жараёни учун жалб этилган хорижий мутахассислар (ўқитувчилар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш (узайтириш) учун ундириладиган тўлов, Ўзбекистон Республикасига кириш визаси олиш учун консуллик йиғимлари ва яшаш жойида рўйхатга олиш учун ундириладиган давлат божи тўлашдан озод этилсин.
11. Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш йўналиши доирасида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилсин ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилсин.
Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва резидент авиакомпаниялар билан биргаликда бир ой муддатда йўловчиларнинг тегишли тоифалари учун махсус тарифларни тасдиқласин.
12. Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Молия вазирлиги 2022 йил 1 октябрга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланган кам таъминланган оилаларга қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун (кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат, бошқа зарурий эҳтиёжлари учун) ҳар бир кам таъминланган оилага базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам пулларини ажратиш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қўшимча 100 миллиард сўмгача маблағ ажратсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 2022 йил 25 октябрга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳар бир оилага қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун ажратилаётган бир марталик моддий ёрдам пуллари тўлиқ тўлаб берилишини таъминласин ҳамда амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берсин.
14. А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтган қисми бўйлаб йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, савдо ва сервис объектларини жойлаштириш мақсадида:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 4-иловага мувофиқ жами 809 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ва ўрмон фонди ерларини, шундан 85,6 гектар суғориладиган ер участкаларини (кейинги ўринларда – танланган ер участкалари) аҳоли пунктларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари тоифасига ўтказиш тўғрисидаги хулосаси;
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани, “Актуба” ОФЙ 3718қ контурдаги 2 гектар ва Хўжайли тумани, “Кулаб” ОФЙ 59қ, 60қ, 60ақ контурдаги 3,7 гектар ер майдонида ташкил этилган ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ерларининг яйлов ер тоифасини саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўзгартириш тўғрисидаги хулосаси;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг танланган ер участкаларини мастер-режа асосида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, савдо ва сервис объектларини жойлаштириш учун электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Кадастр агентлиги мазкур бандга асосан ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботга ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
Белгилансинки, танланган ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерлари тоифасидан чиқарилиши муносабати билан ҳисобланадиган қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар, истисно тариқасида, ундирилмайди.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши икки ой муддатда:
танланган ер участкаларининг белгиланган тартибда захирага қайтарилиши, давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳамда электрон онлайн-аукционга чиқарилишини;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда танланган ер участкаларининг мастер-режалари ишлаб чиқилишини таъминласин.
16. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш. Вафоев) йил якунига қадар А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтган қисмини реконструкция қилишга халқаро молия институтларидан дастлабки ҳисоб-китобларга асосан 160 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар жалб этилишини таъминласин.
17. Вазирлар Маҳкамаси (А. Раматов) Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасининг туманларида аҳоли учун якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини тақдим этиш ва 2023-2026 йилларда кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойларни қуриш параметрларини тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин.
18. Белгилансинки, мазкур Фармоннинг 8-банди “б” кичик бандининг учинчи хатбошисида ва 10-бандининг “г” кичик бандида назарда тутилган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида татбиқ этилади.
19. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармоннинг 2-банди ва 10-бандининг “г” кичик бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
20. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мунтазам равишда:
мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет тармоғида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳланишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини;
мазкур Фармонга асосан Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг атрофлича ёритиб борилишини;
амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг бориши ва натижалари тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг аҳолига етказилишини таъминласин.
21. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 31 август