Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ:

1. Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бекор қилинсин:

а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:

ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;

юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;

б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:

турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;

суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида – мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

г) корпоратив муносабатлар соҳасида:

давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

2. 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (кейинги ўринларда – UZKAD тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгилансин.

Бунда:

UZKAD тизимига Гаров реестри, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестри, Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри, “Давлат мулки” ахборот тизими, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари реестри, лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар реестрлари ва кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган бошқа барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади;

онлайн маълумот алмашинуви пайтида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, шу сабабли UZKAD тизимида бўлмаганлиги аниқланган тақдирда, уч кун ичида ушбу ҳуқуқ UZKAD тизимида ҳақ ундирмасдан ва ариза талаб қилмасдан давлат рўйхатидан ўтказилади ва маълумот тақдим этилади;

кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш UZKAD тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади, кўчмас мулк ҳақида ушбу тизимда бўлмаган бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди, маълумотларнинг ҳаққонийлиги давлат томонидан кафолатланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

жисмоний ва юридик шахсларга солиқларни ҳисоблаш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, давлат хизматлари, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда кўчмас мулкка оид барча маълумотлар тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан UZKAD тизимидан олинади;

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича “мулк тарихи”га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади ва улардан ҳақ эвазига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланилади, давлат сирига оид ҳамда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилган маълумотлар бундан мустасно.

Кадастр агентлиги қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимларида давлат рўйхатидан ўтказилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни ҳар бир кўчмас мулк объектини босқичма-босқич идентификациялаган ҳолда UZKAD тизимига тўлиқ ўтказсин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича республика марказлаштирилган жамғармаси – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – республика компенсация жамғармаси) этиб;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш бўйича ҳудудий марказлаштирилган жамғармалар – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар (кейинги ўринларда – ҳудудий компенсация жамғармалари) этиб қайта номлансин.

4. Маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда, 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар натижасида етказилган зарарлар республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгилансин:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар;

давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мулкдорга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарар;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиён;

мазкур Фармоннинг 1-банди “б” кичик бандида назарда тутилган ҳолларда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар.

5. Белгилаб қўйилсинки:

ушбу Фармоннинг 4-бандига асосан республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар кейинчалик айбдор шахслардан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинади, бундан мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

қонунчиликда ушбу Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган зарарларни қоплашнинг бошқа манбалари белгиланган ҳолларда, компенсация тўловлари республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик ушбу манбалар ҳисобидан қоплаб берилади;

суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланмаган ва (ёки) регресс тартибида ундириб олиш шартисиз давлат томонидан қоплаб берилиши кўрсатилган ҳолларда, республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

6. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатасининг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувни чеклаш мақсадида қуйидаги ҳуқуқий институтларни қонунчиликда ва юридик амалиётда қўллаш кўламини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

а) фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларини, бунда:

инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмлари қўлланилади;

кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк белгиланган тартибда аукцион орқали сотилганда, кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчига мулкнинг қийматини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

б) маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари рўйхатини, бунда, мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлардан ташқари қуйидаги ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланилишига асос бўлади:

мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;

мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;

хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан, турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш, бу ҳақда учинчи шахсларга кўрсатма бериш;

мол-мулкни ва унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;

мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш;

мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш;

мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш;

мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган ҳар қандай жисмоний, руҳий ёки бошқа шаклдаги мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш;

в) қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатларни, шу жумладан, унинг зарурий мудофаа турини, бунда:

мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан, зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади;

кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади;

мулкни ўзбошимчалик билан эгаллаш ёки унга кириш ёхуд мулк дахлсизлигини бошқача тарзда бузиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;

г) гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институтини, бунда, cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини кўриб чиқиш учун судга киритиш назарда тутилади;

д) давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини давлат божи орқали тартибга солиш тизимини, бунда:

давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатларни қисқартириб, уларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклаш, маҳрум қилиш ёки бошқа ҳар қандай кўринишда таъсир қилишга қаратилган даъволари, аризалари ва шикоятлари учун умумий асосларда давлат божи тўланиши, давлат божини тўлаш бўйича маблағлар бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларига киритилиши, ушбу маблағлардан оқилона ва асосли фойдаланилаётганлигини назорат қилиш назарда тутилади;

фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади, бунда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ундан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда давлат божи ундириш назарда тутилади;

иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (даъво қиймати ошишига қараб давлат божи ставкаси пропорционал равишда тушиб боради) давлат божи ставкаларини қўллаш жорий этилади.

7. Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги қонун лойиҳаларини киритсин:

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини, лойиҳада ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутсин;

тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини асоссиз ҳисобдан чиқарганлик, ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини тадбиркорлик субъектининг биринчи талабига биноан қайтармаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини.

8. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат мулки объектларини республика мулки ва муниципал мулк объектларига ажратиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўпламини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

республика мулки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар муниципал мулки, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларининг намунавий рўйхати;

республика мулки объектларини бошқаришда Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, бошқа давлат органлари ва давлат мулкидан фойдаланувчиларнинг вазифаларини аниқ чегаралаш;

республика мулки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар муниципал мулки, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларини бошқариш бўйича ваколатли тузилмаларни, уларнинг вазифаларини белгилаш;

2025 йилга қадар босқичма-босқич республика мулки объектларини республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) муниципал мулки объектларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ва тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш тизимига ўтиш.

9. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари 2022 йил якунига қадар ўзлари ҳамда тизим ташкилотлари бошқарувидаги давлат кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг кадастр органларида қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб тегишли ҳуқуқлари кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилмаган давлат кўчмас мулк объектлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан расмийлаштириладиган далолатнома асосида унинг тегишли ҳудудий бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказилади.

10. Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Адлия вазирлигига Халқаро мулк ҳуқуқлари индексида (IPRI) Ўзбекистон Республикасининг ўрнини тизимли таҳлил қилиб бориш ва уни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин.

12. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва адлия вазири Р.К.Давлетов белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 январга қадар, кейинчалик ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 24 август