Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.
Ҳисоботда прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди.
Қайд этилишича, ижтимоий соҳада белгиланган долзарб вазифалар ижроси, айниқса, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, 4 187 нафар фуқарога ўз вақтида тўлаб берилмаган 7 миллиард сўмлик иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ундириб берилган, шу билан бирга, 29 миллиард сўмлик бундай тўловлар талон-торож қилинганлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Мамлакат тараққиётининг янги босқичида ўта муҳим бўлган Инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, давлат харидлари соҳасида қонунийликни мустаҳкамлашга устувор масала сифатида аҳамият қаратилиб, кўрилган чоралар натижасида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурларга киритилган лойиҳалар учун режалаштирилган маблағлардан 1,5 триллион сўми тежаб қолинишига эришилган.
Ўз навбатида, сенаторлар прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим йўналишларда назоратни янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Жумладан, 6 462 та жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланиб, барчаси ҳисобга қўйилган ҳамда жиноятларни қасддан яширган масъул ходимларга нисбатан 44 та жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган 3 028 та ариза ва хабарларнинг барчаси бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилган. Текшириш натижаларига кўра, жами 161 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўрилиши таъминланган.
Шу билан бирга, республикада содир этилаётган қонун бузилиш ҳолатларининг чуқур таҳлили асосида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ушбу жиноятлар содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар юзасидан хулоса ва тавсиялар тақдим этиш лозимлиги таъкидланди.
Сенаторлар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари 2021 йилда якунланиши керак бўлган 1 728 та объектнинг 453 таси 2022 йилга кўчирилганлиги юзасидан изоҳ сўрадилар.
Сенат аъзолари мажлисда муҳокама қилинган йўналишларда назоратни янада кучайтириш, аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига нисбатан қатъий ва таъсирчан чоралар кўриш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра парламент аъзолари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди.
Ҳисобот йилида Марказий банк томонидан асосий эътибор пул-кредит сиёсати инструментларини инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш учун йўналтириш ҳамда банк тизимидаги хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларни юмшатиш чораларини кўриб бориш, шунингдек, мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Хусусан, инфляция даражасининг йил якунига қадар 10 фоизлик прогноз кўрсаткичига эришиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳисобот йили давомида йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинган.
Банклар ва тўлов тизимларининг барқарор ҳамда ишончли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тижорат банкларига зарур молиявий ресурслар тақдим этилган. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 166,7 триллион сўм ёки 2020 йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар йўналтирилган.
Кичик тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 436 мингдан ортиқ лойиҳага жами 59,6 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан нархлар барқарорлигини таъминлашда пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ва такомиллаштириш ҳамда банк тизими барқарорлигини ва тўловлар узлуксизлигини таъминлаш борасида қатор таклифлар билдирилди.
Мажлисда инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир омилнинг юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва ҳукуматга таклифлар киритиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан тижорат банклари фаолиятини тартибга солишда халқаро тан олинган стандартларни жорий қилиш, банкларда кредит таваккалчилиги ҳисоб-китобини янада мақбуллаштириш орқали банк тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.
Ҳисобот йилида Ҳисоб палатасининг асосий эътибори Давлат бюджети ижросига, давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг молиялаштирилиши ва натижадорлигига, давлат қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигига, яширин иқтисодиётни қисқартиришга, шунингдек, солиқ ва божхона тизимида эришилган натижалар, мавжуд муаммолар, тизимли қоидабузарликлар ва камчиликларга қаратилган.
Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда 60 та назорат тадбири ўтказилиб, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 338 миллиард сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 2,1 триллион сўмдан ортиқ харажатлар мақбуллаштирилиб, устувор вазифаларни молиялаштириш учун қайта тақсимланган.
Ҳисоб палатаси томонидан бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлаш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида мунтазам иш олиб борилиб, аниқланган тизимли хато-камчиликлар бартараф этилган.
Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилиб, молиявий ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида расмий веб-сайт, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 60 га яқин материаллар жойлаштирган.
Мажлисда Қурилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан маблағлардан мақсадсиз фойдаланилиши сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Хусусан, Инвестиция дастурига киритилган объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини лойиҳалаштириш ва ишларни бажаришда 5 триллион сўмлик 783 та объект белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган.
Соғлиқни сақлаш тизимида хорижий кредитлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида харид қилинган 161,1 миллиард сўмлик 629 та тиббий жиҳозлар фойдаланилмасдан олти ойдан икки йилгача бўлган муддатда омборларда сақланган.
Сенат аъзолари янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган топшириқлар ўз муддатида ва сифатли бажарилиши устидан Ҳисоб палатаси алоҳида назоратни ўрнатиши лозимлигини қайд этдилар.
Ҳисоб палатаси зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш мақсадида Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиши, бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларни биргаликда назорат қилиш бўйича аниқ режаларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, назорат ўтказиш даврида жиноят аломатларини кўрсатувчи маълумотлар, шу жумладан, коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари аниқланган тақдирда, тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Сенаторлар Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар бюджетларининг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назорат олиб боришда, бюджет тўғрисидаги қонунчилик бузилишини, бунга олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилишда, бюджет тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда Ҳисоб палатаси ва Сенатнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Қайд этилган муаммо ва камчиликлар Ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлардаги мутасаддилар иштирокида танқидий муҳокама қилинди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб назоратга олинди.
Шундан сўнг Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, қонун билан солиқ қонунчилигига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қилинган хайрия маблағлари солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар қаторига киритилмоқда.
Қонунга кўра, 2022 йилнинг 1 январидан 2031 йилнинг 1 январига қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, ижтимоий солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлаши белгиланмоқда.
Шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлаши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали экспорт қилган тадбиркорлик субъектлари) 2022 йилнинг 1 февралидан 2025 йилнинг 1 январига қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлаши белгиланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу имтиёз бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилишдан олинган тушуми барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумининг камида 80 фоизини ташкил этадиган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.
Қонун билан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 1 майидан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар республикамиз ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, 2021 йилнинг 10 октябридан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар бўлган даврда эса гўштни (мол гўштини, қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ҳамда уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда.
Сенат аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Андижон вилояти ҳокимининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳақидаги ҳисоботини эшитди.
2021 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 43,8 триллион сўмни, аҳоли жон бошига нисбатан қарийб 13,6 миллион сўмни ташкил этган. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмидаги улуши 71,8 фоизни ташкил этиб, ҳар минг нафар фуқарога 13,8 бирлик бизнес субъекти тўғри келган.
Маҳаллий бюджет даромадлари ижроси 2 триллион 159,9 миллиард сўмга бажарилиб, маҳаллий бюджетга қўшимча 225,4 миллиард сўм даромад туширилишига эришилган.
Вилоят бўйича жами 54 мингдан ортиқ янги иш ўринларини ташкил этган.
Эҳтиёжманд оилаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларининг бир қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш мақсадида 1,1 минг нафар фуқарога субсидия маблағлари тўлаб берилган.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 198 мингдан ортиқ оила вакилларига қарийб 607,5 миллиард сўм миқдорида ижтимоий нафақалар тўлаб берилган.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга жами 28 миллиард сўмлик моддий кўмак кўрсатилган.
Мажлисда сенаторлар томонидан мазкур йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар танқидий ўрганилганлиги, ўрганиш давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш орқали аҳоли муаммоларини ҳал этиш, тиббий-ижтимоий муассасалар фаолиятини яхшилаш каби масалаларда ўз ечимини кутиб турган қатор муаммоли масалалар сақланиб қолаётганлиги, ўрганишларнинг дастлабки натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг кенгайтирилган сессиясида муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгиланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, 2021 йил давомида Бандлик дастури ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида амалга ошириш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.
Аҳолига ўз даромадига эга бўлишлари учун уй ҳайвонлари ва парранда олиш, иссиқхона қуриш мақсадида кредит ажратишда уларнинг келгусида ушбу кредитларни тўлаш қобилиятига эга бўлиш ёки бўлмаслиги ҳисобга олинмаётганлиги, шу каби омиллар сабабли ажратилган кредитларнинг қайтарилишида муаммоли ҳолатлар юзага келаётганлиги таъкидланди.
Янги жорий этилган ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳалла бўйича аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳалланинг драйверини аниқлаш орқали иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда ижросини таъминлаш юзасидан масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллий бюджет ҳисобидан дори-дармон сотиб олиш харажатлари учун 84,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлса-да, айрим тиббиёт муассасаларида ажратилган маблағлар йил якунига қадар ўзлаштирилмаганлиги бўйича эътирозлар билдирилди.
Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларини ижтимоий соҳа учун мақсадли йўналтириш борасида 2021 йил давомида туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларидан “Фуқаролар ташаббуси” жамғармасига 5,7 миллиард сўм маблағ ўтказилмаганлиги, натижада аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган 14 та муаммоли масалаларни бартараф этиш ишлари кечикканлиги муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ялпи мажлис якунига кўра, ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда ижроси устидан парламент назоратини йўлга қўйиш белгиланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан 21 та масала, шу жумладан, 10 та қонун муҳокама этилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати