Садриддин Сайматов бронза медаль соҳиби

26-28 январь кунлари Францияда ўтказилган каратэ бўйича Гран-при туркумига кирувчи Париж очиқ чемпионатида мамлакатимиз вакили Садриддин Сайматов бронза медалга сазовор бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлаётир.

Париж очиқ чемпионатида Садриддин Сайматов 60 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. У мазкур мусобақада бронза медаль билан биргаликда 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига чиқиш учун муҳим бўлган 475 рейтинг очкони қўлга киритди.

– Гран-при мусобақасида бронза медали ва муҳим рейтинг очкога эга бўлганимдан хурсандман, – дейди С.Сайматов. – Юртимиз шарафини янада юксалтириш – бизнинг фарзандлик бурчимиз. Мақсадим жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритишдир.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА