Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли Татьяна Акбаровна!

Муҳтарам Қашқадарё аҳли!

Шу кунларда мамлакатимизда буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси, Биринчи Президентимиз ҳурматли Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 80 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланмоқда.

Шу муносабат билан юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, меҳнат жамоалари, таълим масканларида юбилей тадбирлари ўтказилмоқда.

Бугун қадимий ва гўзал Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали очилаётгани, албатта, бежиз эмас. Ўйлайманки, барчамиз, айниқса, сиз, азизлар бир ҳақиқатни яхши биласиз: Ислом Абдуғаниевич Қашқадарёни, унинг мард ва олижаноб элини буюк бир меҳр билан севар, бу заминни Ватан ичра Ватаним, деб ардоқлар эдилар.

Биринчи Президентимиз сиёсий фаолиятининг унутилмас саҳифалари айнан шу замин билан боғлиқ эканини барчамиз яхши биламиз. У киши яқин тарихимизнинг энг қийин ва мураккаб даврида – 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилдилар.

Тарихда “пахта иши”, “ўзбек иши” деб ном олган сиёсий кампаниялардан энг кўп азоб чеккан Қашқадарё вилояти учун Ислом Абдуғаниевичнинг раҳбар бўлиб келиши Яратганнинг беқиёс марҳамати бўлган эди.

Турли зуғум ва қатағонлар авж олган ўша қалтис замонда у киши ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, чинакам мардлик ва жасорат фазилатларини намоён этдилар.

Ислом ака минг-минглаб бегуноҳ одамларни зулм чангалидан қутқариб олганини Қашқадарё аҳли ҳеч қачон унутмайди.

Меҳнаткаш ва матонатли бу эл Ислом Абдуғаниевични ўз фарзандидек қабул қилиб, унга туз-насиба бергани, озодлик ва адолат йўлидаги курашларда унга камарбаста бўлгани – бу ҳам ҳақиқат.

Ислом ака Қашқадарёга келса, ўз уйига келгандек, бу ердаги одамларни кўрганларида, энг яқин қадрдонларини кўргандек яйраб кетишларига барчамиз кўп бор гувоҳ бўлганмиз.

Улуғ Йўлбошчимиз Қашқадарё – бу Оллоҳ назари тушган юрт, Ўзбекистоннинг беҳисоб бойликларга эга хазинаси, деб таърифлар эдилар. Қашқадарё аҳлини эса ҳар қандай шароитда ҳам ишонса бўладиган, меҳр-оқибат ва одамийликни жойига қўядиган жасур ва мардона эл, деб эъзозлар эдилар.

Чироқчидаги оддий чўпондан тортиб, Шаҳрисабздаги моҳир усталаргача, Муборакдаги газчилар, Ғузордаги миришкор фермерлардан тортиб, Қамашидаги полвонлар, Деҳқонободдаги бахшиларгача – ҳаммаси Ислом аканинг кўнглига яқин ва қадрли эди.

У киши сиз, азизларнинг эзгу фазилатларингиз учун доимо миннатдор бўлиб яшадилар. Яхшиликнинг қадрига етадиган Қашқадарё эли ҳам ўзига доимо елкадош бўлган, шу заминга буюк фарзандлик меҳри билан яшаган Ислом Каримов билан ҳамиша фахрланади.

Сизлар билан 2016 йил 16 ноябрда, Президент сайлови арафасида бўлган учрашувда Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз ҳайкалини барпо этиш ҳақида келишиб олган эдик.

Бугун ана шу эзгу ниятимиз амалга ошмоқда. Ислом Абдуғаниевичнинг бу қутлуғ масканда очилаётган улуғвор сиймосида у кишининг ўзи севган Қашқадарё заминига юксак меҳри ва эътиборини кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Сизларга маълум, Биринчи Президентимизнинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида барпо этилган муаззам ҳайкаллари бугунги кунда юртдошларимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга айланди.

Ишончим комил, бугун Қарши шаҳрида очилаётган муҳташам обида ҳам Қашқадарё аҳли, бутун эл-юртимиз катта меҳр ва ҳурмат билан талпинадиган табаррук масканга айланади.

Азиз дўстлар!

Ислом Абдуғаниевич Қашқадарё вилоятини Ўзбекистоннинг ривожланган минтақаларидан бирига, Қарши ва Шаҳрисабзни дунёдаги энг гўзал шаҳарларга айлантиришни истар эди.

Ана шу улуғ мақсадни амалга ошириш учун мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳбарлигида жуда кўп ишлар қилинди. Айниқса, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли каби ноёб иншоотлар айнан Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини барчамиз чуқур миннатдорлик билан эслаймиз.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700 йиллик, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 660 йиллик тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди.

У киши имзо чеккан тарихий қарорга мувофиқ, Қашқадарё аҳли, бутун халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Шаҳрисабз шаҳрида жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани сизларга яхши маълум. Қашқадарё вилоятида бу ишлар ҳозирги кунда янада кенг миқёсда давом эттирилиб, янги босқичга кўтарилмоқда.

Вилоят ҳудудида ўнлаб замонавий корхоналар, йўл ва кўприклар, янги-янги таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Айниқса, Қарши – Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатновини йўлга қўйиш, Абу Муъин Насафий бобомизнинг ёдгорлик мажмуасини барпо этиш, шу йилнинг куз ойида Шаҳрисабзда халқаро мақом анжуманини ўтказиш ва бошқа катта лойиҳалар бўйича жадал иш олиб борилмоқда.

Бундай улкан ишлардан халқимиз рози бўлади, муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг руҳлари шод бўлади, деб ўйлайман.

Ҳурматли тантанали маросим иштирокчилари!

Биринчи Президентимиз илк бор 1986 йилда – юртимиз осмонини қора булут қоплаган қалтис бир пайтда Қашқадарёга келган эдилар. Ўша даврдан бошлаб умрининг сўнгги кунларигача бу саховатли замин билан, унинг олижаноб халқи билан бирга бўлдилар.

Азиз Юртбошимизнинг вилоятларимизга қилган охирги ташрифи ҳам айнан Қашқадарё воҳасига бўлган эди. Ўйлайманки, бунда ҳам жуда катта маъно бор.

Бугун очилаётган муҳташам ҳайкал тимсолида Ислом Абдуғаниевич ўзи учун беҳад қадрли бўлган Қашқадарё аҳлига тинчлик-омонлик, бахт-саодат тилаб, гўё бу қутлуғ заминга фарзандлик меҳри билан таъзим қилаётгандек туюлади.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, бу муаззам обида барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун халқимиз ва Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш рамзи бўлиб қолади, Қашқадарё аҳлини буюк марраларга даъват этиб туради.

Фурсатдан фойдаланиб, бу гўзал ва бетакрор мажмуани барпо этишда иштирок этган ҳайкалтарош ва меъморларга, қурувчиларга, бу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга, бутун Қашқадарё аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Мустақил Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қашқадарё замини ҳамиша гуллаб-яшнасин!

Ислом Абдуғаниевичдек мард ва фидойи инсонларни тарбиялаб вояга етказган халқимиз доимо омон бўлсин!

Улуғ устозимизнинг охиратлари обод бўлсин!

Яна бир бор катта раҳмат сизларга!