11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Бош вазир Алихан Смаилов давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўтган йил декабрь ойидаги саммитда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари эришган келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш борасида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қабул қилинаётган чоралар кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини орттириш ва унинг кўрсаткичлари мувозанатли бўлишига эришиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги саноат кооперацияси ва логистика марказлари ташкил этишни жадаллаштириш, сув, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.