Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги 59 мактаб-интернатни бориб кўрди.

Бу муассаса 1974 йилда қурилган, 2009 йилда капитал таъмирланган. Ўқув бинолари, ётоқхона ва ошхонада зарур шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда муассасада 259 нафар кўзи ожиз болалар билим олмоқда.

Мактабда фанлар ва мусиқа тўгараклари йўлга қўйилган. Кўплаб ўқувчилар санъат ва спорт йўналишларида халқаро миқёсда муваффақиятларга эришган. Ўтган йили мактаб-интернатни тамомлаган 19 нафар ёшдан 9 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Давлатимиз раҳбари ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Улар 2003 йилда, Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими бўлган пайтда ҳам бу ерга келганини ёдга олишди. Мактабдаги шароитлар, ўқишга киришдаги имтиёзлар учун давлатимизга миннатдорлик билдирди.

– Ҳамма ҳаракатларимиз тагида инсон қадрини улуғлаш мақсади бор. Бугун бу ерга сизларнинг хоҳиш-истакларингиз, муаммоларингизни билиш учун келдим. Мақсадимиз – яхши ўқиб, ишлаб, жамиятда ўрин топишингиз учун шароит яратиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўқитувчилар брайль алифбосидаги янги дарсликлар, айниқса, чет тили бўйича китоблар, компьютер клавиатуралари етишмаётганини айтди. Имконияти чекланган болалар билан ишлаш малакасига эга психологлар ҳам кам.

Президентимиз буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, кўзи ожиз инсонлар учун имкониятлар кенгайтирилишини таъкидлади.

– Шундай қарор қабул қиламизки, аввало мактабларнинг ўзида ўқувчилар касбга ўргатилади. Ҳар бир олийгоҳда, ташкилотда кўзи ожиз инсонлар учун алоҳида ўринлар бўлади. Бу соҳадаги энг катта қийинчиликлардан бири – мактабгача таълим. Шунинг учун ҳар бир мактаб-интернат ёнида боғча ҳам қуриш керак, – деди давлат раҳбари.

Бу борада ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.