31 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Дастлаб аҳоли ҳаёт даражасини маҳаллалар кесимида ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, дунёда Инсон тараққиёти индекси бор. У аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткичдир. Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган “инсон қадрини улуғлаш” ғояси билан ҳамоҳанг.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида Инсон қадри индексини жорий этиш бўйича таклиф тайёрланган. Бунинг учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.

Тақдимотда шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилди.

– Бунинг мезонлари қандай бўлади? Олти ой ёки йил якунида нимага эришилади? Шунинг учун илмий асосланган тизим керак. Шаҳар ҳокимлигида Ситуацион марказга ўхшаш таҳлил маркази ташкил қилиш, дастурий маҳсулот яратиш зарур. Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият олаяпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берилди. Бу уларнинг ўз иш услубини ўзгартиришга ундаши таъкидланди.

Тақдимотда инвестиция ва экспорт масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, бу йил пойтахтимизда 738 та лойиҳа бўйича жами 3 миллиард 800 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши қайд этилди. Шундан 2 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. 500 та лойиҳа жорий йилнинг ўзида ишга туширилиб, 27 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳаларини маҳаллалар кесимида шакллантириш чоралари, бу соҳада 2022-2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг молиявий, иқтисодий имкониятлари кенглигини, ҳудудий лойиҳаларни кўпайтириб, ҳар бир туманга қўшимча 100 миллион доллар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Ташқи савдо борасида ҳам “ўсиш нуқталари” белгилаб олинган. Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳри экспорти 1 миллиард 400 миллион доллар бўлиши кутилаётган бўлса, 2026 йилга бориб бу кўрсаткични 2 миллиард 500 миллион долларга етказиш мўлжалланган.

Йирик халқаро брендларни жалб қилиш орқали ҳам ички бозор талабини қондириш, ҳам экспортни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Видеоалоқа орқали туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан маҳаллабай ишлаш масалалари юзасидан мулоқот бўлди.