Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Нукус туманидаги “Тақиркўл” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқачилик билан шуғулланадиган хонадонларга ташриф буюрди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида иссиқхоначиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратила бошланди. Айниқса, аҳоли томорқаларида енгил конструкцияли кичик ҳажмдаги иссиқхоналарнинг кенг миқёсда қурилиши, нафақат мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда, балки аҳолининг қўшимча даромад олиши ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Нукус туманидаги “Тақиркўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жонибек Сабирбоев ҳам ўз томорқасида иссиқхона қуриб, ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб келмоқда. Хонадон эгасининг таъкидлашича, исиқхонани қуриш учун “Агробанк” туман филиалидан 15 миллион сўм имтиёзли кредит олиб иш бошлаган.

– Оила аъзоларимиз билан уйимиз атрофидаги 8 сотих ердаги иссиқхонада помидор, бодринг, кўкатлар, кўчат навларини етиштирамиз, – дейди хонадон эгаси Жонибек Сабирбоев. – Рўзғордан ортганини сотамиз. Ҳар йили 50-60 миллион сўм даромад оламиз. Бундан ташқари ўз соҳам бўйича Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат» мономарказида тингловчиларни томорқачиликдан ўқитиб келмоқдаман.

Мазкур хонадонда Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан биргаликда камчиқим, уй шароитида плёнкада маҳсулот етиштириш бўйича кўргазмали семинар ташкил этиш таклифи билдирилди.

Спикер ўринбосари ташрифи давомида Беруний туманидаги кўчатчилик маркази хизмати фаолияти ва ундаги иш ўринлари билан танишди. Марказда ўтказилган семинарда кўчат парвариши ва уни экиш, туманларга олий навдаги кўчатлар етказиш, ерга ишлов бериш, туманда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Тумандаги “Орзу томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилиб, томорқа хизмати фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА