Мамлакатимизда ўта юқумли “омикрон” штамми афсуски ҳамон мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг юқиш тезлиги “дельта” штаммидан бир неча баробар юқори. Айниқса “омикрон” штаммини юқтирган болаларда касаллик оғир кечиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ҳам катталар, ҳам болаларга таъсир қилувчи мазкур штаммнинг асоратлари оғир кечиши айтилмоқда.

Россиялик иммунолог коронавирусга чалиниш кўрсаткичи болалар орасида 14 бараварга кўпайганини айтиб, вояга етмаганларнинг коронавирус “ҳужум”ига учраётгани сабабини тушунтирди. Бу ҳақда “Sputnik” хабар берди.

Иммунолог Владислав Жемчуговнинг таъкидлашича, болалар COVID-19га қарши эмланмагани учун тез-тез касалликка чалинмоқда. Шу сабабли ҳам коронавирус ҳозирда катталарга нисбатан кўпроқ кичик ёшдагиларда учрамоқда.

Маълумотларга кўра, болаларда ҳам касаллик ўтказилиб юборилса ва шифокорга кеч мурожаат қилинса ҳамда уларда нафас олиш тизимининг сурункали касалликлари мавжуд бўлса, уларда ҳам оғир вазиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, мутахассис биринчи навбатда сурункали касалликларга чалинган вояга етмаганларни эмлаш зарурлигини айтган. Иммун танқислиги бўлган, хроник касаллиги бўлган ва наслий касаллиги бўлган болаларда коронавирус касаллиги турли асоратлар қолдириши мумкин.

Иммунитети нормал бўлган, бошқа касалликларга чалинмаган болалар COVID-19 билан касалланмайди ёки унга қарши осон курашади. Шунинг учун иммунитети паст бўлган ва сурункали касали бўлган болаларни эмлаш керак. Шунингдек, бошқа болаларни ҳам вакцинациялаш тавсия этилади.

Олимларнинг таъкидлашича, болалардаги  короновирус асоратларидан бири бу мультияллиғланиш синдромидир. Бу — COVID-19га кечиктирилган иммунологик жавобдир. Бу болада касаллик симптомли ёки симптомсиз ўтишидан катъий назар келиб чиқиши мумкин бўлган холатдир.

Маълумотларга кўра, тахминан 2-3 ҳафта ўтгач, лимфа тугунларини катталашиши, ҳароратни кўтарилиши, тошмалар тошиши, конъюктивит,  кафт ва оёқларда шиш пайдо бўлиши билан бошланиши мумкин.

Агарда болаларда бундай ҳолатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш ва маълум текширувлар ўтказиш ва даволаш учун касалхонага госпитализация қилиш тавсия этилади.

Америкалик шифокорлар COVID-19 дан сўнг болаларда бош оғриғи, йўтал ва ҳазм қилиш аъзолари фаолиятидаги бузилишлар сақланиб қолишини кўпроқ қайд эта бошлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи марта болаларни коронавирус инфекциясига қарши эмлаш керак, деган хулосага келди. Шу билан бирга, агар бола коронавирусни оғир ҳолатда бошидан ўтказувчи хавф гуруҳига киритилмаган бўлса, эмлаш кампаниясининг зарурияти унчалик юқори бўлмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, эмлаш инсонни инфекциядан 100 фоиз сақлай олмайди. Аммо, кўп ҳолларда эмланиш касалликнинг енгил кечишига ёрдам беради.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА