Россия ўзининг Су-35С қирувчи самолётларини ҳарбий машғулот ўтказиш, икки давлат жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш учун Беларусга жойлаштирди, — дея хабар бермоқда мамлакат мудофаа вазирлиги. Тадбирда қанча самолёт қатнашишига аниқлик киритилмаган.

Ўтган ҳафта Россия худди шу мақсадда Беларусга иккита С-400 ҳаво мудофаа тизимини ўрнатган эди.

Ҳарбий ҳолатни текшириш икки босқичда ўтади. 9 февралгача мўлжалланган биринчи босқичда қўшинларнинг бир қисми Беларусга қайта жойлаштирилади, муҳим давлат ва ҳарбий объектлар, шунингдек, ҳаво кучларини ҳимоя қилиш учун чегарада қўшма ҳарбий гуруҳ тузилади.

20 февралгача давом этадиган иккинчи босқич – “Allied Determination 2022” деб номланган қўшма машғулот ташқи тажовузни бартараф этиш, иттифоқ давлати манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда терроризмга қарши курашиш масаласини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.