1992 йил 26 январда Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган. Мазкур сана муносабати билан икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўзаро табрик йўлладилар.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг табригида, жумладан, шундай дейилади:
“Ўзбекистонда Япония билан яқин ва ишончли муносабатлар қадрланади, биз ушбу мамлакатни ишончли дўст, вақт синовидан ўтган ҳамкор сифатида биламиз”.

Табрикда Ўзбекистон томони расмий Токио билан жаҳон ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича мулоқотни изчил давом эттиришдан манфаатдор экани таъкидланган.

Кун чиқар юрт ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Ўзбекистон Япония учун нафақат кўп йиллик ҳамкорлик тарихига эга дўст давлат, балки муҳим стратегик шерик эканини қайд этади.

Жаноб Хаяси Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Японияда изчил қўллаб-қувватланаётганини ҳам эътироф этди.

2002 йилдан буён Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 18 марта сиёсий маслаҳатлашув ўтказилгани ўзаро стратегик шериклик жадал суръатда ривожланаётганидан далолатдир.

2021 йилда Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. 2019 йилдан бошлаб Ёшинори Фужияма Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Ташки ишлар вазирлиги

матбуот хизмати