Устоз адиб Шароф Бошбеков асарларида ҳақиқат бор қадди-басти билан бўй кўрсатиб туради.

Бу жиҳатлар унинг барча ижод намуналари каби “Темир хотин” асарида айниқса яққол кўзга ташланади. Аёл-қизларимиз, умуман, халқимизнинг собиқ шўролар тузуми давридаги оғир, аянчли ҳаёти, пахта яккаҳокимлиги, атроф-муҳит, табиатга бўлган бешафқат муносабат гарчи кулгуга йўғрилган воқеалар асносида очиб берилса-да, бироқ бу ҳазиломуз воқеалар ортида аччиқ ҳақиқат, кўздан эмас, юракдан сирқираган ёшлар, ҳеч кимга кўрсатилмайдиган йиғи мужассам бу асарда.

Темиртан, онги махсус дастур асосида бошқариладиган робот бўлса-да, Аломатхон мустабид тузум давридаги ўзбек аёлининг, халқимизнинг қисматига, шўр пешонасидаги битилган мудҳиш ҳаётга ростмана ачинади. Бу қаро қисматдан куйиб кулга айланади… Ҳали шўролар тузуми ўз зуғуми, зулмини ўтказиб турган бир пайтда билмадим, ёзувчи Шароф Бошбековга бу асарни ёзиш учун қанча жасорат, матонат, қатъият, бадиий маҳорат керак бўлди?! Шу боис ҳам устоз ёзувчининг асарлари халқимизда катта қизиқиш, меҳр ва эътибор билан мутолаа қилинади. Унинг асарлари асосида саҳналаштирилган фильмлар, спектакллар неча карра кўрилган бўлса-да, катта қизиқиш ва эътибор билан томоша қилинаверади.

Атоқли ёзувчининг чин дунёга қайтгани ҳақидаги шумхабар адабиёт мухлисларни қаторида халқимизни қайғуга солди, десак муболаға бўлмайди. Фикримча, бу жиҳатлар бир томондан Шароф аканинг чин инсоний фазилатлари, софдиллиги, ҳақиқатга тик қарай олиши билан белгиланса, бошқа жиҳатдан устоз ёзувчининг мукаммал, бадиий баркамол, ҳақиқатга ошно асарлари, ижодкорнинг журналистлар, халқимиз, адабиёт мухлислари билан мулоқот ва учрашувлар чоғида мудом қатъиятли, ўз принципи, дунёқарашига эга бўлгани, айтилган фикрини дадил, қатъий ҳимоя эта олиш салоҳияти билан белгиланади, десак муболаға бўлмайди.

Манбаларга кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ғубир қишлоғида туғилган. 1974 йили Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган. Устоз адиб саҳна санъатини пухта эгаллагани, унинг барча сир-асрорларидан батафсил хабардор бўлгани боис кино ва театр учун бадиий жиҳатдан баркамол асарлар яратишга муваффақ бўлган.

Олий ўқув юртини тамомлагач, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри, Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида фаолият кўрсатган. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий ходим бўлиб хизмат қилган эди.

Санъатшунослар фикрига кўра, Шароф Бошбеков ёзувчилик ижодини 1980 йилда “Тақдир эшиги” номли комедия билан бошлаган. Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин ёзилган “Г” варианти”, “Ғурур”, “Жумбоқ” ҳикоялари, “Тикансиз типратиканлар”, “Мусиқа сайёраси”, “Тентак фаришталар”, “Тушов узган тулпорлар” драмаси, “Эшик қоққан ким?”, “Эски шаҳар гаврошлари”, “Темир хотин” каби комедиялари ўзбек драматургияси хазинасини бойитди. Гарчи комедия жанрида яратилган бўлса-да, бу асарлар жамиятнинг оғриқли жиҳатлари, кўз юмиб бўлмас иллатлари, халқимиз оёғига тушов бўлаётган масалаларни, ўзаро муносабатлардаги залворли муаммоларни кўтариб чиққани билан қадрлидир.

Жумладан, халқимиз томонидан ҳамон катта қизиқиш билан томоша қилинадиган “Темир хотин” комедияси наинки юртимизда, балки бошқа мамлакатлар театрларида ҳам саҳналаштирилди. Мазкур асар аввал республика миқиёсида ўтказилган театр фестивалида бош соврин – “Гран-при”ни қўлга киритди. Сўнгра Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўтказилган театр фестивалининг мутлоқ ғолиби, деб топилди.

Театршунос олимлар фикрича, ушбу пьеса асосида бадиий фильм, оперетта ишланди. Асар 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Мақсуд Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ топилди. Шароф Бошбеков сценарийси асосида “Маъруф ва Шариф”, “Юзсиз”, “Тилла бола” каби фильмлар яратилди. Устоз адиб “Масхарабоз”, “Фарҳод ва Ширин” фильмларида ҳам сценарий муаллифи, ҳам режиссёр сифатида иштирок этганди. Унинг сценарийси асосида “Чархпалак” телесериали суратга олинган. Шу билан бирга “Тентак фаришталар”, “Зўрдан зўр чиқса” каби саҳна асарлари ҳам мамлакатимиз театрларида муваффақият билан намойиш этилди.

Манбаларга кўра, устоз ёзувчининг ҳажвий ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг “Йилнинг энг яхши ҳажвий асари” мукофотига муносиб кўрилган эди. “Муштум” журналида эълон қилинган туркум публицистик мақолаларига журналнинг “Йилнинг энг яхши публицистик асари” мукофоти берилган эди.

Мустақиллик йилларида Шароф Бошбеков “Ўйин”, “Дока рўмолнинг қуриши” телефильм сценарийларини ёзди. “Сўқмоқ”, “Меҳр ва маузер” киноповестларини яратди. “Эшик қоққан ким бўлди?”, “Фалакнинг гардиши”, “Мусофир бўлмагунча”, “Тентак фаришта”, “Чархпалак”, “Танланган асарлар” каби тўпламлари нашр этилган. Адиб драма ва киноқиссалардан иборат “Танланган асарлар” китоби учун 2021 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши асари” танлови ғолиби бўлган.

Шароф Бошбеков 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

Ҳаётда Шароф ака тўғрисўз, самимий, оддий, одамгарчилиги бутун инсон сифатида кўпларимизнинг, умуман адабиёт мухлислари, шогирдларида тасаввур қолдирган, меҳр уйғотган инсон эдилар. Устоз ростгўй, ижодга, адабиётга, ўз қаламига доим содиқ бўлган заҳматкаш инсон сифатида барчамиз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолаверади.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири