Музейлар халқнинг ижтимоий-маънавий ҳаёти, тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Зотан, музейлар халқнинг муайян даврлардаги таржимаи ҳолидир.

Унда маълум бир элнинг халқ сифатида шаклланиш ва тараққий этиш жараёни ёки бирон ҳудуднинг қадимий тарихи ва бугунги кунига қадар давом этган ижтимоий ҳаёти баён қилинади. Шу маънода, Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёт тарихи давлат музейи халқимизнинг ёзма маданий-адабий тарихини келгуси авлодларга ҳам танитувчи масканлардан ҳисобланади.

Мазкур музей қадим даврлардаги қорақалпоқ адабиёти тарихидан бошлаб мустақиллик даврига қадар давом этиб келаётган халқимизнинг адабий турмуши, мумтоз адабиёти тарихи, унинг ижодкорлари акс эттирилган экспонатлар билан бойитилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 май “Бердақ (Бердимурод) Қарғабой ўғли туғилган кунининг 170 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Нукус шаҳрида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошида Бердақ миллий музейи ташкил этилиб, 2002 йил 1 март куни ўз фаолиятини бошлаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бердақ номидаги қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ва Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бердақ миллий музейи Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи номи билан қайта ташкиллаштирилди.

Музей кўргазмаларининг асосий мақсади халқимизнинг қадим даврлардан бугунги кунга қадар давом этиб келаётган ҳаёт йўлини акс эттирадиган ёзма адабиёт намуналарини, мумтоз қорақалпоқ адабиёти, фольклори, қўлёзма меросларини, қорақалпоқ классик адабиёти ҳамда XX ва XXI асрлар қорақалпоқ адабиёти намояндалари ижодини, халқимиз тарихида чуқур из қолдирган мутафаккирлар, шунингдек, мустақиллик йилларида бадиий адабиётда эришилган ютуқларни акс эттиришдан иборат.

– Музей фондининг асосий манбаи халқимизнинг узоқ асрлар мобайнида авайлаб-асраб келган араб, форс-тожик, туркий ва эски қорақалпоқ тилларида ёзилган қўлёзмалар, тошбосма китоблар, мадрасаларда фойдаланилган китоблар, қорақалпоқ мумтоз адабиёти намояндалари тўғрисидаги маълумотлар, улар яратган асарларнинг намуналаридан иборат, – дейди музей директори Шаригул Пайзуллаева. – Шунингдек, шоир Бердақ яшаган даврга мансуб бўлган ва қорақалпоқ халқининг ўтмишидан дарак берувчи маиший буюмлар, миллий либослар намуналари, XIX-XX, XXI аср қорақалпоқ адабиётининг ривожи, қардош халқлар билан алоқалари, илмий асарлари, тарихий шахслар ҳақидаги суратлар ва портретлардир. Бугунги кунда музейда 6 мингдан ортиқ экспонат тўпланган бўлиб, улар барча шаҳар ва туманлар, қишлоқлар ва маҳаллалардан йиғилган, фуқароларнинг ўз уйларида ҳозирги кунга қадар кўз қорачиғидай авайлаб келган турли ноёб маданий ашёларни музейга олиб келиб топширишлари орқали йиғилган бебаҳо моддий мерос ҳисобланади.

Булар ичида музей учун қадрли бўлган бир қатор экспонатлар мавжуд бўлиб, улардан бири музейнинг асосий фондидан жой олган мадали чопон ҳисобланади. Бу Бердақ шоирнинг ўзи кийган чопон бўлиб, авлодларидан бири – Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Амангул Алланова томонидан музейга совға қилинган. Мармар тош – “Бағишлов” деб номланиб, кўлами 69х50 см., қалинлиги 10 см.дан иборат. Тошда 48 қатордан иборат шеърий шаклдаги, форсий тилда битилган намуна мавжуд бўлиб, ҳижрий йил ҳисоби билан 1191 йилга (1771-1772 йй.) тегишли. Бу Чимбой туманидаги “Хон масжиди”нинг ўрнидан топилган ва 2014 йилда музейга келтирилган. Ушбу тошдаги 48 мисрада устозларга, мударрисларга, ўқувчиларга, масжид эгаларига ҳар хил топшириқлар баён этилган. Жумладан, “ўқувчиларнинг хулқ-атворидан беғараз тарзда устоз уни ўқитиши, билим бериши шарт” каби сўзлар ёзилган.

Музейнинг қўлёзма ва тошбосма китоблар фондида ҳозирги кунда 300 дан ортиқ эски араб тилидаги китоб сақланмоқда. Улар орасида Бердақнинг “Шажара” ва “Хоразм” асарлари қўлёзмаси, икки варақдан иборат Ажиниёз шоирнинг “Қиз Меңеш билан айтишуви” ҳам музей экспозициясидан ўрин олган. Бундан ташқари, Ажиниёз шоирнинг “Фоний дунёга айтгани” шеърлари ва Қудайберген Жебеген ўғлининг “Мардикор” асари қўлёзмаси музейнинг асосий фондидан ўрин олган. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири И.Юсуповнинг шахсий кутубхонасидан 2000 дан ортиқ китоб, Ўзбекистон халқ шоири Т.Жумамуратовнинг уйида сақланиб келинган юздан ортиқ буюм, китоб ва ҳужжатлар сақланади.

Ҳақиқатдан ҳам, музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Бу ерда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, уларда Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини шакллантира оладиган маскандир. Шу боис, маънавият ва маърифат маркази бўлган музейлар ёш авлодга халқимизнинг қадимий ва бой тарихи, ўзига хос маданияти, истиқлол ғояларини янада теран англашда муҳим аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА