Таниқли адабиётшунос олим, ўзбек адабий танқидчилигининг етакчи намояндаларидан бири, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Бахтиёр Назаров 77 ёшида вафот этди.

Б.Назаров 1945 йил 17 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1966 йили Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, меҳнат фаолиятини мактаб ўқитувчилигидан бошлади, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти) аспирантурасида таълим олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг 55 йиллик илмий педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон энциклопедияси таҳририяти муҳаррири, Фанлар академияси президенти маслаҳатчиси, бош илмий ходими, Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик, катта илмий ходими, бўлим мудири, илмий котиби, директори, Фанлар академияси ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими илмий котиби, бош илмий котиб ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди.

Ўзбек адабий танқидчилигининг илмий асосларини яратиш бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб бориб, соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, унинг раҳбарлигида 10 нафар фан доктори ва 20 дан зиёд фан номзодлари тайёрланган.

Б.Назаровнинг ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараёнга оид илмий ишлари, дарсликлари, ўнлаб монография ва рисолалари, 200 дан ортиқ илмий мақолалари замонавий ўзбек адабиётининг бадиий савиясини баҳолашда ўзига хос ўрин тутади.

Академик Б.Назаровнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Бахтиёр Назаровнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, Б.Йўлдошев, С.Саидов