ОНЛАЙН

Парламент қуйи палатаси мажлисида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинар экан, кейинги йилларда палата фаолияти тубдан ўзгариб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, депутатларнинг сайловчилар билан мулоқоти ва палатанинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

— Сайловчилар билан мулоқот қилиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда, — деди Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов. — Депутатларимиз ҳар ойнинг якунида бир ҳафта мобайнида ўз сайлов округларида бўлиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганишмоқда, уларни ҳал этиш чораларини кўраётир. Жойларда фаолият юритадиган депутат ёрдамчиси институти жорий этилди ва бу ўз натижасини бермоқда.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳам тизимли ўзгаришлар амалга оширилди. Палатамиз таркибида мурожаатлар билан ишлайдиган алоҳида сектор ташкил этилди. Шунингдек, депутатлар портали синов тариқасида ишга туширилди.

Аҳолининг палата депутатларига мурожаат йўллаш имкониятини янада ошириш мақсадида ҳар бир депутат томонидан мурожаатларни ижтимоий тармоқлар орқали ҳам қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳисобот даврида депутатларнинг телефон ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали сайловчилар томонидан жами 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

Қувонарлиси, мурожаатларнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгармоқда. Ариза ва шикоятлардан кўра қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар бериляпти. Бир қатор кодекс ва қонунларга ўзгартиш киритиш бўйича 400 дан ортиқ таклифлар берилди. 50га яқин қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда бу таклифлар инобатга олинди. Бундай таклифлар кундан-кунга кўпаяпти. Яхши таклиф берган фуқароларни кейинчалик қўмиталарга таклиф қилишни йўлга қўямиз, — деди Н.Исмоилов.

Муҳтарама Комилова, ЎзА