O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоатчилик билан алоқалар ва мафкуравий тарғибот бўлими томонидан “Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳасига бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди.

Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, тегишли вазирлик ва мутасадди ташкилотлар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари, ZOOM дастури орқали туман кенгаши ходимлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бир ғоя ва мақсад атрофида жипслашиб келаётган O’zLiDePнинг сиёсий куч сифатида фаолиятига, айниқса, ўтган беш йил мобайнида Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида устувор вазифаларга аҳамият қаратилмоқда. Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналишдан иборат бўлиб, унда жами 94 та мақсадли вазифа қамраб олинган ҳамда келгуси 2022-2026 йиллар давомида мамлакатимиздаги деярли барча соҳаларни ҳар томонлома ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар белгиланган.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини янада улуғлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ғояси мужассам эканлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур лойиҳанинг 3 та йўналиши партиянинг мақсад вазифаларига ҳамоҳанг бўлиб, миллий иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни қамраб олган. Бу эса партия электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатига тўлиқ хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, лойиҳада хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополия тугатилиши, бунда 2022 йилда – 14 та, шу жумладан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, сертификатлаштириш хизматлари, 2023-2025 йилларда – 11 та, нефть маҳсулотларини сақлаш, темир йўлларида ташишда қўшимча хизматларни кўрсатиш, аэровокзал ва вокзал олди комплексларини юритиш хизматлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш, қайта ишлаш хизмати, темир йўлда экспедиторлик хизматларида монополия тугатилади.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, депутатлар ва фаоллар ўзларининг таклиф ва фикрларини билдириб ўтди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича асосланган таклифлар тайёрланганини таъкидлади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА