Хабарнингиз бор, шу кунга қадар, Қурилиш вазирлиги томонидан лицензияларни олиш учун тадбиркорлар узоқ ҳудудлардан келиб, пул ва вақт сарфлаб, қоғоз шаклида қатор ҳужжатлар тақдим этиб, лицензияларни олар эди. Энди бунга чек қўйилди.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизматининг ЎзАга хабар беришича, энди вазирлик томонидан бериладиган барча турдаги лицензиялар электронлаштирилган бўлиб, тадбиркорларга масофадан туриб лицензия олиш имконияти яратилган.
Энди тадбиркорлар хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш фаолиятига, баландликларда саноат альпинизми усулларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолияти, кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятига доир лицензияарни “license.gov.uz” ахборот тизими орқали олишлари мумкин.

license.gov.uz порталига кирилгач, архитектура-қурилиш бўлимидан қурилиш-монтаж босқичи танланади, шундан сўнг сўралган маълумотлар босқичма-босқич киритиб борилиши лозим. Ушбу маълумотлар тўлиқ тўлдирилгач, ариза кўриб чиқилиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилиши учун инвойс шакллантирилади. Ушбу тўлов амалга оширилгач,  реал вақт режимида сизнинг сўровномангиз Қурилиш вазирлигига юборилади.

Янги тизимда аризалар кўриб чиқилганлиги учун йиғимлар ҳамда лицензия бериш учун давлат божи тўловини амалга ошириш учун реал вақт режимида автоматик тарзда инвойслар шакллантирилади, шунингдек, лицензиялар QR-код қўйилган электрон шаклда расмийлаштирилади.

 

ЎзА