Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасида “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси – демократик тараққиётимиз асоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бизнес омбудсман, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталди. Еттита йўналиш ва юзга яқин мақсадларни жамлаган мазкур ҳужжат демократик тараққиётимизнинг муҳим асоси сифатида инсон қадир-қимматини улуғлаш, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқчил мамлакат барпо этиш, одилона ижтимоий сиёсат юритиш ва инсон капиталини ривожлантириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тадбир иштирокчилари ҳар бир йўналиш, шу жумладан, сиёсий партияларнинг фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг фаоллигини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларда фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА