Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, вазир ўринбосарлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мудофаа вазири куни кеча Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтгач, тизимда олиб борилаётган изчил ислоҳотларга урғу бериб, қўлга киритилган ютуқлар, барпо этилган янги полигонлар, марказлар, ошиб бораётган илмий салоҳият, армия сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбга оид маҳорати, тажрибаси ва фидойилиги ҳамда ватанпарварлигини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимиз фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди. Яна бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил» эсдалик нишони ҳамда совғалар берилди.

– Ватан ҳимоячиларини ижтимоий ҳимоялаш, соғлиғини назорат қилиш доимий эътиборда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий санаторийси бошлиғи, II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Лазизжон Жўраев. –Давлатимиз раҳбари томонидан берилган ушбу юксак мукофот менга масъулият юклайди. Жамоамиз билан сарҳадларимиз посбонлари соғлиғини мустаҳкамлаш борасида бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Тантанали тадбир давомида “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилган “Энг илғор касб устаси” кўрик-танлови “Энг илғор ҳарбий қисм командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор сержант” номинацияси ғолиблари эълон қилинди ва муносиб тақдирланди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА