Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими, аҳоли муаммолари билан ишлашнинг аниқ механизми, Халқ қабулхоналари ва секторлар ҳамкорлиги туфайли бугун ижтимоий ҳимояга муҳтож минг-минглаб инсонлар ўзининг кичик, мўъжаз қут-барака манбаини барпо қилмоқда.

Оролбўйининг нафақат шаҳар ва туман марказлари, балким энг олис, чекка овулларида кўплаб инсонларни давлат қўлловига таянч, эртанги кунга ишонч ва албатта фаровон ҳаётга интилиш, ният, сўз ва амал якдиллиги бирлаштириб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси Ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, ўтган йил давомида аҳолидан 22 минг 545 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 12 минг 900 дан зиёди қаноатлантирилган. Соҳалар кесимида таҳлил қилинса, энг кўп мурожаатлар иш ва уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий нафақалар, банк кредитлари, газ ҳамда электр таъминоти, мажбурий ижро, алимент ва қарз суммаларини ундириш каби масалалардан келиб тушган.

Берунийлик Нигора Қўзибоева 9 йил аввал турмушдан ажралгач, икки фарзандини улғайтириш, рўзғор тебратиш машаққатини елкасига олди. Аввал уйда тикувчилик қилди, чевар сифатида танилди. Сўнг тикувчилик корхонаси очиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатидан кейин бу аёлга ўзи яшаётган Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини биносидан бир хона беғараз ажратилди, 28,5 миллион сўм кредит берилди. Нигора бу пулга тикув машиналари сотиб олиб, шу йил аввалида иш бошлади, 6 нафар хотин-қизни ишли қилди. Масъуллар ҳамиша унинг фаолиятини ўрганиб, муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериб борди.

Нигора Қўзибоева ишнинг кўзини билгани учун ҳам ўтган йил “Йил аёли” миллий танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Энг фаол ишбилармон аёл” номинацияси ғолиби бўлди. Ишлари юришиб кетган аёл яқинда ер ҳам сотиб олди. Икки қаватли тикувчилик корхонаси қуриш учун пойдевор тиклатди.

Сурхондарёлик экспортёр ҳунарманд Жумагул Ёрматова эса Элликқалъа туманига келиб, Халқ қабулхонаси ва секторлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича каттагина лойиҳа бошлаган. У ўн йилдан бери Сурхондарёда ипак, пахта толаси, қўй ва туя юнгидан калава олиб, гилам тайёрлайди. Уларга рўян илдизи, заъфарон уруғи, пиёз, ёнғоқ ва анор пўстлоқлари билан ранг берилади. Юз фоиз табиий маҳсулотдан тайёрланган гиламлар асосан Германия, Франция, Россия, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатларга экспорт қилинади.

Жумагул опанинг корхонаси бир ойда ўртача 300 квадрат метр гилам тайёрлашга улгурмоқда, хориждаги ҳамкорлар эса ойига минг квадрат маҳсулотга буюртма берган. Шунинг учун ҳам опа Элликқалъада камида 200 та хотин-қизнинг ўз уйида шу иш билан банд бўлишини таъминлашни мақсад қилган.

Ҳозирча бир ойда ишсизлик масаласида мурожаат қилган ўн нафар элликқалъалик хотин-қизга қоракўл қўйлари юнгидан ип йигиришни ўргатди. “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ҳисобидан уларга ип йигириш дастгоҳлари олиб берилди. Энди улар уйида ўтириб, ип йигиради, гилам тўқийди. Экспортёр аёл уларга ювилган қўй юнгини етказиб бериб, калава ва гилам сотиб олади. Тайёр маҳсулотни эса хорижга экспорт қилади.

Берунийлик 27 ёшли Энажон Матдурдиева аёллар учун бир оз ноодатийроқ касб – темирчилик билан шуғулланиб икки фарзандини улғайтирмоқда. У ишни аввал темир дарвозаларга бўёқ сепишдан бошлаган. Сўнг темир кесиш-у пайвандчиликни ҳам ўрганган. Энажоннинг мурожаатидан сўнг унга пайвандлаш ускунаси олиб берилди, кредит ажратилди ва у яқинда мана шу бир хонада ўзининг кичик цехини ташкил қилди.

Энажон ёнидаги бошқа усталарнинг ҳам дарвоза-эшикларини бўёқлаб бериб, ойига 3-4 миллион сўм ишлаб топади. Айтишича, бу маблағ унга етиб турибди. Ўзи ясаган маҳсулотлардан келган даромадга эса яна темир хомашёси сотиб олиб, эшик-дарвозалар турини кўпайтирмоқда. Асосий мақсади – шу йўналишда ўзининг катта корхонасини ташкил қилиш.

Беруний туманининг “Тинчлик” овулида яшовчи Қудратжон Исмоилов ва Сарвиноз Ҳайитбоева турмуш қурганига икки йилча бўлди. Уйлангунига қадар Қудратжон хорижда ишлаб юрди. Фарзандли бўлгач иш излади, бироқ истаг-у имкониятлар ҳеч келишмади. Оиласини ташлаб яна мигрант бўлишдан бошқа имкон қолмаган пайтда аҳоли муаммоларини уйма-уй ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи улардан аҳвол сўраб келиб қолди-ю, бу оиланинг тақдири бошқа ўзанга бурилди. Дастлаб 7 ой олдин икки ёшга жами 66 миллион сўм кредит ажратилди, улар бу пулга 400 бош бройлер товуқ жўжасини сотиб олди. Жўжалар 45 кунда товуқ бўлди, пул бўлди. Сўнг улар инкубатор олиб астойдил ишга киришиб кетди. Халқ қабулхонаси, секторлар масъуллари ва маҳалла раиси уларнинг муаммоларини доимо ўрганиб, ҳал қилишда кўмак бериб борди.

Мана, жўжани кузда санашган эди, товуқлари сони 2 минг 300 бошдан ошибди. Кун-кунора товуқ гўшти, тухум сотиш билан ёш оила ўз уйида барча харажатини чегириб ташлаганда 5-6 миллион сўм соф фойда олмоқда. Давлатимиз ёрдами билан яна бир оила етти ойда нафақат ўзини тиклаб олди, балки яхшигина тадбиркорга ҳам айланди. Бу оила эришаётган натижадан улардан ҳам кўра масъуллар ўн карра севинмоқда. Ахир бир оиланинг ўз меҳнати билан ўзини тутиб кетиши – кўп оилага ибрат, кўп мурожаатга аниқ ечим.

Дарвоқе, Қудратжон ветеринария йўналишида техникумга ўқишга кирди. Энди жўжаларни кўрикдан ўтказиш-у эмлаш билан ҳам унинг ўзи шуғулланади.

Элликқалъалик 22 ёшли Мафтуна Ражаббоеванинг ҳам куёви ва қайнотаси хорижда чилангарлик қилиб, оила боқарди. Мафтуна сайёр қабулга бориб, муроди ҳосил бўлгач, улар 33 миллион сўм кредит эвазига 1 минг 800 бош бедана олиб парваришлашга киришди. Қисқа вақтда бу оила ҳам ўз уйида бинойидек даромад ола бошлади. Бедана гўштига ҳам талаб катта. Ойлик кредит тўловини узоғи бир ҳафтада ишлаб топади, қолгани фойда. Энди бу оила қўшимча ер олиб каттагина бедана фабрикаси қурмоқчи. “Инсон қадри учун” деган ҳаётбахш ғоянинг амалий натижаси ўлароқ яна бир оила ўз қаддини тиклаб олди.

Элликқалъалик Муқаддас Раимова эса 2018 йили мурожаатидан сўнг турмуш ўртоғи Тўрабек Зоиров билан кредит олиб “Ихлос” маҳалласида 50 ўринли иккита оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйган эди. Бу маҳаллада ягона мактабгача таълим ташкилоти шу бўлгани учун ҳам давлат бюджетидан уларнинг икки нафар ишчисига ойлик тўланади, болалар уч маҳал таомланиши учун маҳсулотлар етказиб берилади.

Яхшигина даромад топган бу оила тезда ўзини тиклаб олди. Бу йил улар уйидаги 1,5 сотих ерга иссиқхона қуриб, оз эмас, кўп эмас, 7 тонна бодринг олишди. Ҳозир кўкатлар ва исмалоқ уруғлари сочишган. 500 бош бройлер товуқ олиб, парҳез гўшт етиштиришни йўлга қўйди. Яқинда Тўрабек Зоиров мурожаатидан сўнг унга ажратилган 33 миллион сўм кредит эвазига 5 бош зотдор испан эчкисини олган эди, эчкиларнинг тўрттаси улоқлади – бири икки бўлди. Бундан ҳам кунига 20 литр сут олиниб, бозорга чиқарилмоқда. Кўп тармоқли оилавий тадбиркорлик даромади эса чакки эмас. Шунинг учун улар яна қўшимча ер сотиб олиб, бу тармоқларни кенгайтириш ниятида.

Уллибоғлик 70 ёшли Норгул Абдуллаевани Тўрткўлда гулчи сифатида яхши танишади. Онахон уч йил бурун мурожаатидан сўнг 120 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 10 сотихли деҳқончилик хўжалигида иссиқхона барпо қилишга киришган эди. 6 сотихдаги иссиқхона авжи ҳосилга кирганда, ўтган йили қишда кучли қор-у шамол бўлиб, икки йиллик меҳнат ҳавога учди: гул-у лимонларни совуқ уриб кетди. Иссиқхона яйдоқ даладек бўлиб қолди.

Аммо опа таслим бўлмади, ўғли билан иссиқхонасини қайта тиклади. Айни пайтда бу ерда олендра, анжиряпроқ, шеффлера каби 60 турдан зиёд тропик ва маҳаллий гуллар парваришланмоқда. Яхши ниятлар билан лимон, апельсин, мандарин, банан ҳам экилди. “Муҳими ўз ҳолимизга ташлаб қўйишмади, имконият-у шароит яратиб берилди, қолганига меҳнат билан етишяпмиз”, дейди онахон.

63 ёшли Ойгул Абдуллаева эса Тўрткўлнинг “Шодлик” маҳалласида яшайди. Ўтган йили бу аёлнинг ўзи ҳам ишсиз, доимий даромад манбаи йўқ эди. Унинг ҳам мурожаатидан сўнг, уйида иссиқхона қилиши учун шароит яратиб берилди, ёрдам кўрсатилди, кредит ажратилди. Аёл дастлаб 3 сотихча ерда иссиқхона қуриб, гул парваришлашни бошлади. Гуллар тури-ю сонини кўпайтирди.

Тўрткўллик Шоҳида Қурбонованинг ҳаётида ҳам шундай бўлди. Оиласининг оғир ўйлови, елкасини 2,5 йилдан буён оғир юкдек босиб келаётган катта бир муаммо айнан Шоҳида опанинг Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг тезда ҳал қилиб берилди. Аёлнинг икки фарзанди ҳам сўзлаш-эшитиш бахтидан мосуво бўлгани учун 2016 йили невараси Юлдузхон туғилганда ва икки ёшга кирмай бийрон сўзлай бошлаганда, унинг бир умрлик дарди бир қадар енгиллагандек эди. Аммо Юлдузхон 3 ёшида туғма юрак нуқсони билан дунёга келганини билгач, Шоҳида опа дунёларга сиғмай кетди.

Тиббий текширувлар жажжи Юлдузхоннинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклигини кўрсатди. Улар 2,5 йил шу жарроҳлик амалиёти учун маблағ жамғармоқчи бўлди. Аммо фақат турмуш ўртоғининг топгани рўзғордан ортмагач, йиғина олишмади. Бу орада Юлдузхон 5 ёшга кирди, касаллик хуружи яна зўрайди. Шунда Шоҳида опа ўтган йил октябрь охирларида нажот излаб Президент Халқ қабулхонасига борди. Унинг мурожаати туман ҳокимлиги билан бирга кўриб чиқилди. Ўша вақтда Тошкент шаҳридан Нукусга тажрибали кардиологлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун келаётган эди. Барчаси жуда тез юз берди: туман ҳокимлиги зарур маблағни топиб берди ва имтиёзли жарроҳлик амалиётини ўтайдиганлар қаторида у ҳам Нукусга чақиртирилди. Юлдузхон юрагидаги туғма нуқсонлар жарроҳлик йўли билан бартараф этилгач, мана, орадан икки ой вақт ўтди. Қизалоқ энди соғлом болалардек ҳаракат қилмоқда, яна болалар боғчасига қатнамоқда. Муҳими, бу оилада энди ғамгин йиғилар, оғир ўйловлар йўқ.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига асос бўлаётган “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалда қарор топтириш, аҳоли муаммолари билан энг қуйи бўғинда ишлаш, ҳар бир оилага, ҳар бир инсон қалбига кириб бориш йўлидаги халқчил ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта: Инсон қадри учун курашиш! Халқ розилигини, халқ ишончини эса фақат ва фақат амалий ишлар билангина қозониш мумкин.

Довуд Абибуллаев, ЎзА