Матбуот, оммавий ахборот воситаларини мутолаа қила туриб, бугун одамлар нима ташвиш билан яшаётганини сезиб, ҳис этиб турасиз.

Юртимизда чиқадиган бугунги газеталар Ватан ҳимоячиларига кенгроқ эътибор қаратаётгани билан эътиборни тортади.

“Халқ сўзи” газетаси саҳифаларида бугунги байрам руҳи тўла акс этган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш миллий марказига ташриф буюргани хусусидаги шарҳ, шунингдек, Давлат Раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги эълон қилинган. Ўзбекистон ва Россия Президентлари ўртасида бўлиб ўтган мулоқот, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони, “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳам газета саҳифаларидан ўрин олган.

“Adolat” газетасининг бугунги сони ранг-баранг ва ўқувчи эътиборини тортади. “Ватан ҳимояси – олий шараф” саҳифаси газетхон эътиборидан четда қолмайди. “Тарих яратган улуғ шахслар” рукнида берилган “Буюк Темур нега хон унвонини олмаган?”, “Машҳурларнинг аёллари” рукнида берилган “Буюк инсон ортидаги фидойи аёл” саҳифаларини зўр ҳаяжон ва мароқ билан ўқийсиз. “Тез ёрдам”га ёрдам кўрсатилди”, “Коронавируснинг янги штамми қанчалик хавфли?”, “Фирибгар уста хонадон соҳибасини чув тушириб кетди” мақолаларида ҳам бугунги кунимиз манзараларини кўргандек бўласиз.

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасининг маънавий-маърифий ҳаётимизда алоҳида ўрни бор. Газетанинг бугунги сони деярли Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган. Таниқли шоир Ғайрат Мажиднинг “Шу юрт учун мустаҳкам қўрғон бўласан” шеърий туркуми Ватан, инсон, унинг ички дунёси, қадрини улуғлашга бағишланади. Адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Давр ва таржима”, академик Наим Каримовнинг “Ленинградлик навоийшунослар” мақолаларини мароқ билан ўқийсиз. Газета саҳифаларидан ўрин олган бошқа маърифий мақолалар ҳам кўнгилга яқин, мутолаа қилсангиз, афсусланмайсиз.

Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг…

А.Нарзуллоев, ЎзА