Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш миллий марказини бориб кўрди.

Мудофаа вазирлигида барпо этилган ушбу марказ қўшинлар бошқарувининг энг замонавий шаклларини мужассам этган, барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боришга ихтисослашган. Мажмуа юқори технологик имкониятлари билан юртимиз ҳаво сарҳадларини, ўқув муассасалари ва полигонлардаги машғулотлар жараёнини реал вақтда кузатиш, бўлинмаларнинг ҳаракатини транк алоқа орқали назорат қилишни таъминлайди.

Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда ҳарбий-маъмурий секторларнинг иштироки, қўшинларнинг кундалик ва жанговар фаолияти бўйича маълумотлар тўпланиб, тизимли мониторинг олиб борилади.

Олий Бош Қўмондон ушбу марказда яратилган шароитлар ва техник имкониятлар билан танишди. Мутасаддиларга унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш, мудофаа тизимига тезлик билан интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

– Бу марказ мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлигини таъминлашда таянч тузилмага айланиши зарур. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда марказ учун дастурий-аппарат мажмуасини ишлаб чиқиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Айни пайтда бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши давом этмоқда.