6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги вазият, хусусан, Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашдилар.

Президентлар Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган барча чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирдилар.

Шу билан бирга, давлат раҳбарлари вужудга келган ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб, зўравонлик ва вазият кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.