Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, сиз, азизлар билан улуғ аллома ва саркардалар юрти бўлмиш саховатли Қашқадарё заминида кўришиб турганимдан ғоят мамнунман.

Бугун, Янги йил арафасида мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган улкан воқеага гувоҳ бўлиш барчамизга чексиз қувонч бағишлайди.

Ўз бағрида ноёб бойликларни асраб келаётган Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилмоқда. Албатта, бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижаси, десак, тўғри бўлади.

Сизларга яхши маълумки, якунланаётган 2021 йилнинг ўзида мамлакатимизда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “Навоийазот”да – аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқарадиган мажмуалар, Навоий кон-металлургия комбинатида – бешинчи ва еттинчи гидрометаллургия заводлари, Карманада – биринчи қуёш электр станцияси ишга туширилди.

Республикамиз бўйича электр энергияси ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тизими иш бошлагани ҳам ана шундай катта ишларимиз қаторига киради.

Бугун ишга туширилаётган завод ўзининг ноёб технологик устунликлари ва юқори ишлаб чиқариш қуввати билан ана шу лойиҳалардан алоҳида ажралиб туради, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда – Қатар (2 та), Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Ушбу мажмуа қурилишида бир вақтнинг ўзида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва ишчи-қурувчилар қатнашгани бу ерда қисқа муддатда нақадар кенг кўламли ишлар амалга оширилганини кўрсатади.

Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар ўрнатилди.

Ишлаб чиқаришга доир технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патентлар олинди. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бир сўз билан айтганда, ушбу завод мамлакатимизда ва умуман, минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Янги Ўзбекистоннинг қудратли иқтисодий салоҳияти айнан мана шундай мажмуаларда яққол намоён бўлади.

Қуйидаги рақамлар ҳам шундан далолатдир.

Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Ушбу маҳсулотлар ҳисобидан йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва бюджетга 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари тушиши таъминланади.

Алоҳида таъкидлаш керак, биз 300 миллион долларлик газни қайта ишлаб, уни қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирамиз. Бунинг учун тўла асосимиз бор. Чунки бу ерда ишлаб чиқарилган авиакеросин бошқа заводлар маҳсулотига нисбатан жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб юқори ҳисобланади.

Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида “Евро-6” стандартларига жавоб берадиган бўлиб, минтақамизда бундай тоза маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона умуман мавжуд эмас. Бу эса, ўз навбатида, ушбу маҳсулотлар ҳисобидан республикада авиация хабларини ташкил этиш ҳамда юк ташишда хизмат қиладиган йирик логистика компанияларини ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, заводни электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланган. Яъни, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, завод ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.

Бу ерда ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Технологияларни бошқариш, мониторинг ва хавфсизликни таъминлаш каби муҳим жараёнларга инсон омили таъсири жуда кам даражада.

Шу ўринда бугун GTL технологиясига бутун дунёда талаб кун сайин ортиб бораётганини қайд этиб ўтмоқчиман. Шу боис АҚШ, Канада, Норвегия ва бошқа қатор давлатларнинг етакчи компаниялари ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади.

“Uzbekistan GTL” заводи маҳсулотларидан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда, янада юқори қўшилган қийматли янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича ҳам режаларимиз бор. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади. Ўз навбатида, бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.

Яна бир муҳим жиҳат – заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар жаҳондаги энг юқори экологик талаблар, норма ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Ана шу заводни ишга тушириш орқали биз “яшил иқтисодиёт” сари яна бир жиддий қадам қўймоқдамиз.

“Uzbekistan GTL” заводида фойдаланиладиган ёқилғи бошқа анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан йилига 13,5 минг тонна – шунга эътибор беринг – 13,5 минг тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди.

Биз учун яна бир ўта муҳим томони шундаки, завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 нафар мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади.

Заводнинг қурилиши маҳаллий қурувчи ва муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашга замин яратиб, уларга энг илғор технологияларни ўзлаштириш имконини бергани ҳам ғоят аҳамиятлидир. Ана шу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда албатта жуда керак бўлади.

Мени қувонтирадиган яна бир жиҳат – завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, хусусан, янгича ишлашга чанқоқ, азму шижоатли ёшларимиздир.

Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади, деб ишонаман.

Биз бунинг учун барча шароитларни яратамиз. Аввало, Қашқадарёда ёшларни касб-ҳунарга ўқитишни янгича ёндашув асосида ташкил этамиз. Бунда ҳудуддаги барча касб-ҳунар марказларини “Шўртан газ-кимё” мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш ва янги “Uzbekistan GTL” заводларига бириктирамиз. Улар ўз соҳалари учун кадрлар тайёрлашнинг янги майдонини ташкил этади.

Энди ушбу корхоналарнинг раҳбарлари вилоятда нефть-газ ва кимё саноатининг истиқболли йўналишлари учун кадрлар тайёрлаш режаларини белгилайди, касб-ҳунар марказларининг ўқув дастурлари ва ўқитиш методикасини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида қайта кўриб чиқади, ўқиш жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаб, ҳар бир ўқувчининг ўз мутахассислиги бўйича бевосита заводларда амалиёт ўташини ташкил этади. Бунда, айниқса, ёшларни янги ўрнатилган мураккаб ускуналарда ишлаш, уларни автоматлашган ҳолда бошқариш, технолог, аргон пайвандлаш каби замонавий касб ва малакаларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим жараёнига хорижий мутахассислар жалб қилинади, замонавий дастурий таъминот ва симуляторлар олиб келинади.

Ҳурматли ватандошлар!

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимиздаги биринчи нефть-кимё корхонаси бўлган “Шўртан газ-кимё” мажмуаси 20 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг фидокорона меҳнати билан Ватанимизнинг иқтисодий мустақиллигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Шўртан газ-кимё” мажмуасининг 4 минг кишилик жамоасини ушбу қутлуғ сана билан чин қалбимдан табриклаб, уларнинг барчасига энг эзгу тилакларимни билдираман.

Ушбу мажмуада ўтган 20 йил давомида 78 миллиард метр куб газ қайта ишланиб, 2,4 миллион тонна полиэтилен, 4 миллион тонна суюлтирилган газ ва конденсат каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Шундан республикамиз саноат корхоналарига 1,6 миллион тонна полиэтилен етказиб берилиб, қарийб 2 миллиард долларлик импорт қисқартирилган. Шу билан бирга, 900 миллион долларлик 800 минг тонна полиэтилен экспорт қилинган.

Бугунги кунда “Шўртан газ-кимё” мажмуаси Қашқадарё вилояти ҳудудий маҳсулотининг 8 фоизини, саноатининг 17 фоизини таъминламоқда.

Умуман, ушбу мажмуа мамлакатимизда газ-кимё ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси ривожига, минглаб кичик саноат корхоналарини барпо этишга асос бўлди. Масалан, тайёр пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар сони қарийб 1 минг 700 тага етди. Ҳар бир корхонада ўртача 10 тадан ишчи ўрни яратилиб, камида 17 минг нафар аҳоли иш жойи билан таъминланган.

Бугун сизлар билан бирга “Шўртан газ-кимё” мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини 3 баробар кенгайтириш имконини берадиган яна бир янги мажмуа қурилишига старт берамиз. Янги қуриладиган ушбу корхонада “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобидан йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Натижада қўшимча 550 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ўз навбатида, ана шу маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш орқали 2 баробаргача кўп истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Мисол учун, 100 миллион долларлик полимерлардан электротехника, қурилиш материаллари, автомобиль саноати ва бошқа соҳаларда йилига қўшимча 200 миллион долларлик харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, пластмасса ва ҳар хил турдаги қадоқлаш буюмлари, сув таъминоти учун қувурлар ишлаб чиқариш кўпаяди. Яъни, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган яна камида 1 минг 200 та янги хусусий корхона ва 12 мингта иш ўрни ташкил этилиши учун асос яратилади.

Ушбу янги лойиҳанинг қиймати 1,8 миллиард долларга тенг бўлиб, уни молиялаштириш учун Россиянинг “Газпромбанк”и, Европанинг “Дойчебанк”, “Ландесбанк” каби банклари, Хитойнинг Давлат тараққиёт банки ва бошқа банклардан маблағлар жалб этилади.

Ана шу иккита янги завод ҳисобидан Шўртан мажмуасида республикамизнинг биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Ушбу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади, яъни, 6 баробар ошади.

“Uzbekistan GTL” заводи ва янги қуриладиган мажмуа ҳисобидан юртимизда табиий газни чуқур қайта ишлаш даражаси қарийб 2 баробар кўпайиб, ҳозирги 8 фоиздан 14 фоизга етади. Шунингдек, республикамизда полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 2 баробар кўпаяди.

Ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хомашёдан, 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.

Янги мажмуалар нафақат ўзининг маҳсулоти, балки саноатнинг бошқа соҳаларида ишлаб чиқариладиган 100 миллион долларлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун ҳам бозор шакллантиради. Шу билан бирга, мазкур кластерда меҳнат қиладиган янги ишчилар ўз турмуш эҳтиёжлари учун ҳудуддаги хизматлар соҳаси ривожига ҳисса қўшиб, камида яна 100 миллиард сўмлик талабни яратади.

Умуман олганда, янги кластер ишга тушиши натижасида Ўзбекистон саноати технологик жиҳатдан бир неча қадам илгарилайди, десак, тўғри бўлади.

Янги кластер корхоналари нафақат нефть-газ-кимё соҳаси, балки республикамизнинг барча саноат тармоқлари учун технологик ва лойиҳалаштириш ечимлари ва стандартлари, замонавий бошқарув ва IT технологиялари йўналишлари бўйича яққол намуна бўлади. Биз бу орқали мазкур замонавий мажмуа атрофида янги юқори технологик хизматлар тизимини ташкил қиламиз.

Албатта, янги корхоналар илм-фан ва инновациялар учун ҳам самарали майдонга айланади.

“Шўртан газ-кимё” кластеридаги замонавий лаборатория ва жорий этилган илғор технологиялар ёш олимлар учун илмий изланишларни олиб бориш ҳамда янги инновацион маҳсулотлар ва технологик жараёнларни яратишга катта имконият беради.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Ушбу янги мажмуаларнинг ишга тушиши, ҳеч шубҳасиз, Қашқадарё вилояти иқтисодиёти ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Воҳада саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошади, ялпи ҳудудий маҳсулот эса 7 фоизга ўсади. Бу эса Қашқадарё вилоятининг умумий экспорт кўрсаткичини 2 баробар кўпайтириш имконини беради.

Очиғини айтиш керак, Қашқадарё вилояти жуда бой хомашё ресурсларига эга бўлишига қарамасдан, кўп йиллар давомида унинг тайёр саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси паст бўлиб қолаётган эди. Шунинг учун охирги йилларда вилоятда маҳаллий саноатнинг тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм, электротехника, озиқ-овқат каби соҳаларида қиймати қарийб 9 триллион сўмлик 1 минг 700 тага яқин лойиҳалар ишга туширилди. Натижада сўнгги уч йилда вилоятда тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 баробар ошди.

Келгуси йилларда ҳам Қашқадарё вилоятини барча йўналишларда ривожлантириш бўйича кенг кўламли режаларни ишлаб чиққанмиз. Хусусан, нефть-газ соҳасида қиймати 140 миллион доллар бўлган яна 3 та лойиҳа амалга оширилади. Мисол учун, Муборак газни қайта ишлаш заводида 135 миллион доллар эвазига олтингугурт олиш қурилмасининг қуввати тикланади.

Энергетика соҳасида 1,3 миллиард доллар инвестициялар ҳисобидан жами 1 минг 250 мегаваттга тенг электр энергияси ишлаб чиқарадиган янги қувватлар барпо этилади. Мисол учун, Ғузор туманида 2025 йилда қуввати 300 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади. Талимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бири 900 мегаватт қувватга эга бўлган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилади. Оқсу дарёсида умумий қуввати 24 мегаватт бўлган 3 та кичик гидро электр станцияси барпо этилади. Ушбу янги қувватлар йилига 8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 1,6 миллиард метр куб табиий газни тежаш имконини беради.

Шу билан бирга, вилоят учун “драйвер” бўлган маҳаллий саноат тармоқларига 900 га яқин лойиҳа доирасида 2,7 миллиард долларлик инвестициялар фаол жалб қилинади. Жумладан, Нишон, Касби, Миришкор ва Яккабоғ туманларида – тўқимачилик, Китоб, Қамаши, Деҳқонобод ва Чироқчи туманларида – қурилиш материаллари, Миришкор, Китоб туманлари ва Қарши шаҳрида – чарм, электротехника саноати, Шаҳрисабз шаҳри ва Қарши туманида – мебель, Чироқчи, Нишон ва Косон туманларида – озиқ-овқат саноати бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

Бугунги тадбиримизда қатнашаётган Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги барча элчилари ҳам Қашқадарёда янги лойиҳаларни амалга оширишга фаол ҳисса қўшишлари учун жалб қилинди. Бунинг учун улар олдиндан вилоятга келиб, шаҳар ва туманларнинг ихтисослашувини, мавжуд имкониятларни, қандай истиқболли лойиҳалар кераклигини ўрганишди. Энди улар бу лойиҳаларда иштирок этиш ва бошқа янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ўзлари элчилик қиладиган давлатлардан хорижий ҳамкорларни ва замонавий технологияларни жалб этади.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Ишончим комил, барпо этилаётган янги газ-кимё кластери мамлакатимиз саноати ривожига қудратли туртки бериб, унинг юксалишига катта ҳисса қўшади.

Умуман, мамлакатимизда замонавий саноатни шакллантиришда биз кимё ва нефть-газ кимёси соҳалари асосий “драйвер”лардан бўлиши учун амалий режаларни белгилаб олганмиз.

Сўнгги беш йилда бу соҳаларда 5 та йирик лойиҳа ишга туширилган бўлиб, йилига жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 450 миллион долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Энг муҳими, агар бу тармоққа олдин фақат давлат сармоя киритган бўлса, охирги йилларда эса соҳага хусусий сектор тўғридан-тўғри фаол кириб келмоқда. Масалан, “Навоийазот”да – Австрия, Германия, Хитой ва Туркия, Тошкент вилоятида – Россия компаниялари янги лойиҳаларни бошлади. Шунингдек, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” занжири доирасида юқори қийматли товарларни ишлаб чиқариш бўйича Тошкент, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятларида ва Устюртда яна 5 та кимё технологик кластерини ташкил этишни бошладик.

Мазкур кластерларда келгуси йилларда умумий қиймати 8 миллиард доллар бўлган 60 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобидан йилига 180 турдаги 5 миллиард долларлик юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, 1,2 миллиард долларлик маҳсулот экспорти ҳамда 5,5 триллион сўмлик бюджет тушумлари таъминланади. Энг муҳими, қўшимча 15 мингтадан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Азиз дўстлар!

Тўғриси, биз “Uzbekistan GTL” заводи лойиҳасини бошлаганимизда кўпчилик буни уддалашимизга шубҳа билан қараган эди. Лекин биз қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан, барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, мана шундай янги ва замонавий, юқори технологик мажмуани барпо этишга эришдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Айниқса, коронавирус пандемияси даврида хориждан мутахассис ва ускуналар келтириш, қурилиш майдонида 10 мингдан ортиқ ишчининг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш албатта осон бўлгани йўқ. Аммо ҳамжиҳатлик билан ўз вақтида амалга оширган зарур чора-тадбирларимиз натижасида ушбу муҳим лойиҳа бўйича иш пандемия даврида ҳам бирор кун тўхтамади.

Меҳнаткаш, серғайрат ва фидойи қурувчи ва муҳандислар, тажрибали мутахассислар, минглаб матонатли ишчилар карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда ишлаб, ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, “Uzbekistan GTL” заводи қурилишида муносиб иштирок этган барча мутахассислар, фидойи қурувчи, муҳандис ва лойиҳачилар, ҳурматли хорижий ҳамкорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Мазкур улкан лойиҳага Хитой давлат тараққиёт банки, Корея Эксимбанки, Корея экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси, “Газпромбанк”, “РосЭксимбанк” сингари обрўли хорижий молиявий ташкилотлар муносиб ҳисса қўшганини мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман.

Лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этган ва бугунги тадбиримизда қатнашаётган меҳмонларимиз – “Air Products” компанияси президенти жаноб Сейфи Гасимига, “Hyundai engineering” компанияси президенти жаноб Ким Чанг Хагга, “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосарлари жаноб Алексей Матвеев ва жаноб Тигран Хачатуровга, “ЭКСАР” компанияси бош директори жаноб Никита Гусаковга, шунингдек, “Sasol Energy”, “Chevron”, “Haldor Topsoe” компаниялари ва бошқа хорижий ҳамкорларимизга, қурувчи ва пудратчилар, ишчи-ходимларга “Uzbekistan GTL” заводини барпо этишдаги фаол иштироки ва яқиндан қўллаб-қувватлаганлари учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

“Шўртан газ-кимё” мажмуаси қувватини кенгайтиришга қаратилган лойиҳани амалга оширишда сизларга улкан зафарлар тилайман.

Қадрли дўстлар!

“Uzbekistan GTL” заводи ва “Шўртан газ-кимё” мажмуасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар Янги Ўзбекистонда янги саноат даврини яратиш йўлидаги илк йирик қадамларимиздан биридир.

Ишончим комилки, сизлар билан бирга келгусида бу борада иқтисодиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшадиган, унинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган яна кўплаб йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширамиз.

Биз қанча оғир бўлмасин, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш ва халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш йўлида маррани баланд олиб ишлаш ва яшашга ўргандик.

Ана шундай улуғ мақсадларга қийинчиликлардан қўрқмасдан, янги билим ва технологияларни эгаллаб, барчамиз биргаликда ҳаракат қилиб, албатта эришамиз.

Янги йил остонамизда эшик қоқиб турган ушбу қувончли лаҳзаларда, барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизга, саноат соҳасининг жонкуяр ва фидойи ишчи-ходимларига чуқур эҳтиром билан таъзим қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларни, жумладан, ҳурматли хорижий меҳмонларимизни, янги заводни ишга туширишга муносиб ҳисса қўшган барча қурувчи ва ҳамкорларимизни кириб келаётган янги – 2022 йил билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.

Янги йилда мана шундай қувончли кунларимиз янада кўп бўлсин!

Катта раҳмат сизларга.

Доимо соғ-омон бўлинглар!