16 декабрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис “O’zbekiston” ва “O’zReport” телеканаллари, Олий Мажлис Сенати расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли эфирда узатилди.

Дастлаб сенаторлар Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботини эшитди.

Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,8 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 31,2 миллион сўмдан ортиқни ташкил этган.

Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги 8 та кичик саноат зонасида 1 триллион 237,3 миллиард сўмлик 582 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 239,2 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6,8 триллион сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.

Жами 911,9 миллион доллар миқдорида маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 137,2 фоизга бажарилган, экспорт географияси 80 га яқин мамлакатни қамраб олган.

Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 221 та лойиҳа доирасида 2 триллион 946,6 миллиард сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.

Шунингдек, “Рақамли Тошкент” дастури доирасида географик ахборот-таҳлил тизими – Геопортал жорий қилиниб, унга вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган.

Шаҳар инфратузилмаси ва давлат хизматлари сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи “Халқ назорати” портали ва унинг мобиль иловаси ишга туширилган. Портал орқали фуқаролардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ муаммоли масаланинг 2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.

Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди. Жумладан:

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган;

жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча равишда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.

Қайд этилганидек, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5 – 51,3 фоиз қувват билан ишламоқда.

Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.

Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар даражаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган.

Сўнгги йилларда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши билан бирга, фирибгарлик жиноятининг янги турлари ҳам келиб чиқмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари соҳасида жами 580 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 баробарга ошган.

Психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда. Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида жами 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний сотилиши ҳолатлари аниқланганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланиб, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.

Муҳокама якунида Тошкент шаҳрида ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, сенаторлар томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳудудлар кесимида ўрганиб чиқилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан бу борада қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 18,1 триллион сўм, шу жумладан, давлат фойдасига 7,5 триллион сўм амалда ундирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий ундирув 2,3 баробарга, давлатга ундирув 2,4 баробарга ошган.

Жойлардаги давлат идораларининг амалий ёрдами билан 16 968 нафар эҳтиёжманд қарздорнинг 9 751 нафари иш билан таъминланиб, 39 нафарига имтиёзли кредит ажратилган. 366 та қарздорликнинг тўлаш муддати узайтирилган, 6 та ташкилотга инвесторлар жалб қилинган.

Шу билан бирга, мажбурий ижро соҳасида айрим ўз ечимини топиши зарур бўлган масалалар ҳам мавжуд эканлиги таъкидланди. Жумладан:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси тўлиқ ва ўз вақтида таъминланиши;

жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари асосида қопланиши ва ушбу масалани якунига етказиш чоралари кўрилиши;

алимент қарздорлиги билан боғлиқ ижро ҳужжатларини тўлиқ ва ўз вақтида ижроси таъминлаб борилиши, шу жумладан, ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ўз ўрнида, сенаторлар томонидан ижро тизимига тегишли идоралар билан биргаликда ахборот технологияларини кенг жорий этган ҳолда ижро тизимида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш чоралари кўрилиши зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда ушбу масала парламент назоратида қолдирилди.

Сўнгра экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Очиқ ва ҳар томонлама муҳокама жараёнида ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, мамлакатимиз корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Ташқи савдо ҳажмларининг изчил ўсишини таъминлаш ва экспортни рағбатлантиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар тизимли асосда татбиқ этилмоқда. Хусусан, валюта сиёсати либераллаштирилиб, бир қатор маъмурий ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларининг нархини белгилаш ва уларга ҳақ тўлашнинг бозор механизми йўлга қўйилди, экспорт қилувчилар учун қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий этилди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ташқи савдо ҳажмининг барқарор ўсиш динамикаси кузатиляпти. Жумладан, 2017 йилда 26,5 миллиард долларни, 2018 йилда 33,4 миллиард долларни, 2019 йилда 41,7 миллиард долларни, 2020 йилда 36,3 миллиард долларни ташкил этган. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич 32,6 миллиард долларни ташкил қилган, шу жумладан, экспортга 12,4 миллиард доллар, импортга эса 20,2 миллиард доллар тўғри келган.

Экспорт қилувчи корхоналар сони 5 400 тага етиб, сўнгги тўрт йилда
1 891 тага (35 фоиз) ўсди, бу, ўз навбатида, 561 миллион долларлик қўшимча экспортни таъминлади.

Мамлакатимиз экспорт таркибида хомашё улуши камайди. Жумладан, агар 2017 йилда хомашё товарлари жами экспорт умумий ҳажмининг 25 фоизини ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 16 фоизга қисқарди.

Экспорт қилинадиган товарлар номенклатураси сезиларли даражада диверсификация қилинди, 2021 йилга келиб 2 365 номга етди.

Шу билан бирга, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган салбий омиллар Сенат аъзоларини жиддий хавотирга солди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тез-тез ўзгариб туриши ва уларнинг экспорт қилувчи корхоналар томонидан тартибга солиш таъсирини тўғри баҳоланмасдан туриб қабул қилиниши уларнинг фаолиятида қийинчиликларга олиб келмоқда.

Экспорт қилувчилар томонидан суғурта хизматларидан гаров сифатида фойдаланганда суғурта мукофотини қоплаш, шунингдек, савдо уйларини очиш ва сақлаб туриш, офис, савдо ва омборхоналарни ижарага бериш, хорижда реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш механизмлари талаб даражасида ишламаётгани ҳам сенаторлар томонидан танқид қилинди.

Муҳокама чоғида мамлакатда халқаро аккредитациядан ўтган, маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш ва сертификатлаш имкониятига эга бўлган миллий лабораториялар мавжуд эмаслиги танқид қилинди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ва биологик муҳитини яхшилаш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ташкил этилиб, кўллар тизимининг қирғоқ бўйи минтақаларида балиқ етиштириш парваришхоналари, инкубация цехлари ҳамда балиқ ўстириш ҳавзаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Хусусан, кўллар тизимининг сув ҳажми 1994-2000 йилларда 44,1 миллиард м3 бўлган бўлса, “Чордара” сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми 34 миллиард мгача пасайган.

Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркибининг шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15-50 метрга ортга чекиниб, 15-20 см гача туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги ерлари экин майдонлари ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қайд этилганидек, кўллар тизимида балиқчилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.

Балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари учрамоқда.

Кўллар тизими ҳудудида белгиланган меъёрлар асосида балиқлантириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, экотуризмни ривожлантириш, сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари тизимли ташкил этилмаган.

Балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақини ундириш, балиқ захираларини муҳофаза этиш, овлаш қоидаларига риоя қилишни назоратга олиш, балиқ овлашда фойдаланадиган техникаларни рўйхатга олиш ва уларнинг назоратини юритиш ишлари турли давлат органларига юклатилган ва уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмаган.

Кўллар тизимидан фойдаланиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда номувофиқлик ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларига Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаган.

Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 3-банди ва “Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ Шуҳрат Муҳаммадович Маҳмудов, Рустам Раҳмонович Ҳайдаров ва Джамол Жаҳонович Чориевни ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг 2020 ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида қўмита томонидан 3 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Хусусан, қонунлар ҳудудлар манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, танқидий таҳлил қилинган. Қонунлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида соҳа мутахассислари, тажрибали амалиётчилар ва жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда муҳокама қилиниб, Сенат ялпи мажлисига киритилган.

Шунингдек, қарор қабул қилиш ва ижро этишнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутувчи 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қизғин муҳокамалар асосида қабул қилинган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 22 та тадбир ўтказилган. Жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги қонунларнинг жойлардаги ижроси 4 маротаба, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш каби соҳаларда 7 маротаба ўрганишлар олиб борилди.

Ўтган давр мобайнида қўмита томонидан 4 316 та турли тадбирлар ўтказилган.

Қўмита ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия раислари билан фаол ҳамкорлик ҳамда ўзаро мулоқот йўлга қўйилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган натижалар ва ўз ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб “Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли” мавзусида аёллар форумини ўтказиш анъанага айланган.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Сенатга келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан қўмита томонидан 2 та парламент сўрови тайёрланган.

Жорий йилда қўмита томонидан Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига маҳаллалардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида масала киритилган.

Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниши жараёнини ўрганиш фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларини амалга оширишга қаратилган қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилинди.

Қўмита аъзолари томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 17 мингдан ортиқ  ёзма мурожаат кўриб чиқилган.

Қўмита аъзолари томонидан Сенатда ва жойларда жами 4 мингдан ортиқ фуқаролар қабул қилинган.

Ҳисобот даврида қўмита аъзолари сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида ўз сайловчилари билан 562 та учрашув ўтказган.

Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан ҳам самарали фойдаланиб, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахслар манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан 85 та сенатор сўрови юборилган.

Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 12 мингга яқин материал эълон қилинган.

Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати