Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Президент Мун Чже Иннинг таклифига биноан Корея Республикасига давлат ташрифи арафасида ЎзА мухбири Саидмурод Раҳимов, анъанага кўра, Кореянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Кан Чже Квоннинг икки юрт ўртасидаги илиқ муносабатлар хусусидаги фикрларини ёзиб олди:


– «Биз шундай эллармизки, давлатларимиз раҳбарлари бир-бирини бамисоли ака-укадек дўст, деб билишади, мамлакатларимиз узвий ҳамкорликда тараққий этмоқда. Одамларимиз бир-бирини юракдан яхши кўради, ҳурмат қилади, халқларимиз доимо бир-бирига бахт-саодат, хотиржамлик тилайди». Бу сўзларни мен яқинда Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси юқори мартабали расмийлари учрашуви чоғида, кутилмаганда сўз бериб қолишганда айтдим. Аслида, бундай фикр-ўйлар сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда яшаб, дипломат сифатида фаолият кўрсатиб келарканман, ҳар куни хаёлимдан ўтади. 30 йил ичида шундай ўзаро илиқ муносабатни шакллантиришга эришганимиз, мамлакат етакчиларининг дўстлиги, биродарлиги, бир-биридан минглаб километр олисда жойлашган ҳукумат ва халқлар бир-бирини  шундай ҳурмат қилишидан беҳад қувонаман.

Меҳмондўстлик, олижаноблик, марҳамат кўрсатиш ўзбекча «маҳалла» ва корейс тилидаги «маил» тушунчасида мужассам. Ҳатто, бу икки сўз ҳамоҳанг. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, ёш авлодга таълим-тарбия бериш, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, яқинлар тўғрисида қайғуриш – буларнинг бари мамлакатларимиз учун умумий бўлган қадрият, урф-одат, ўхшаш анъана ва удумлар ҳосиласидир.

Самарқанд шаҳридаги «Афросиёб» музейида сақланиб келаётган расм (фреска) давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алмашинувлар 1400 йил аввал бошланганини кўрсатади. Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес ҳамжамияти дипломатик муносабат ўрнатилишидан аввалроқ корейс компанияларини шерик сифатидан танлаган. Республикада яшаб келаётган корейс миллатига мансуб аҳоли (корейс диаспораси) дипломатик муносабат йўлга қўйилгандан кейин икки халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келмоқда. Бундай натижаларга алоқалар ривожланиши учун бор куч-ғайрати, маҳоратини сарфлаётган дипломат  ҳамкасбларимиздан бошлаб бошқа кўплаб мутахассислар жонбозлиги туфайли эришиляпти.

Ҳозир Корея Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида муносабатларнинг «Янги Шимолий сиёсат» миллий фалсафасига мос келадиган иккинчи босқичини йўлга қўйиш тараддудини кўрмоқда. Шунга мувофиқ, айни дамда ҳам кўплаб инсонлар ушбу орзуларни рўёбга чиқариш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

Бизнинг ўзаро илиқ ҳисларимизга пандемия ҳам таъсир эта олмади. Бутун дунё коронавирус туфайли ёпиқ бўлиб турганда ҳам Сеул ва Тошкент ўртасидаги авиа қатнов тўхтатамади. Аксинча, ушбу вирус туфайли юзага келган инқироз соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳаларида бир неча йил аввал илгари сурилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатни жадаллаштиришга имкон яратди. Жисмоний чекловларни IT, яъни ахборот технологиялари соҳасидаги шериклик қамрови кенгайтирилиши ҳисобига енгиб ўтдик. Икки томонлама хорижий сафарлар билан боғлиқ муаммоларни эса онлайн-конференция  шаклидаги учрашувлар сонини кўпайтириб бартараф этдик.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам охирги тўрт йил ичида, ҳатто, пандемия авж олган фавқулодда вазият чоғида ҳам икки давлат президентлари ўтказган олий даражадаги тўртта учрашувда ўз ифодасини топди.

Тўғри, ўтган давр мобайнида сиёсат, иқтисодиёт, жамият, маданият, фан ва технологиялар сингари кўплаб соҳаларда Ўзбекистон ва Корея Республикалари биргаликда салмоқли ютуқларга эришди. Ўйлайманки, бўлажак саммитда сўнгги 30 йилдаги энг муҳим воқеалар жамланиб, таҳлил этилади. Ва шу билан бирга, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг тўлақонли икки аъзоси сифатида давлатларимизнинг башарият ёрқин келажагини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшиладиган қарашлари ҳам тақдим этилади.