Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакатнинг етакчи нашрлари – маҳаллий тилда чиқадиган “Egemen Qazaqstan” ва рус тилида чоп этиладиган “Казахстанская правда” газеталарига берган интервьюси, кутилганидек, нафақат минтақамизда, балки МДҲ ва бошқа хорижий давлатлар жамоатчилиги орасида ҳам катта қизиқиш билан қарши олинди.

Мазкур суҳбат, жумладан, икки қўшни мамлакат экспертлари, мутахассислари томонидан кенг муҳокама этилиб, таҳлил қилинмоқда. Табиийки, оддий ўқувчи учун ҳам жуда қизиқарли, халқларимиз манфаати йўлида ҳар икки томон учун ўта долзарб бўлган масалалар кўтарилган ушбу мақола атрофидаги фикр-мулоҳазалар тўхтагани йўқ.

Кечанинг ўзида Қозоғистоннинг inbuzinesszakonorda“sputnik” каби энг оммавий нашрларида айни мавзу кенг муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболи, балки бутун минтақада фаровон келажакни таъминлашга қаратилган ташаббуслар мазмун-моҳияти акс этган фикр-мулоҳазалари, айниқса, Россия Федерацияси матбуотида қизғин кутиб олинди. Россиянинг ТАСС, “regnum”, “rambler” сингари дунёга машҳур ахборот агентликлари, шунингдек, “aa.com.tr”, “imag.one”, “rossapprimavera”, “finans” ва бошқа нашрларида Президентимиз фикрларидан иқтибос келтирилган ҳолда материаллар берилгани ҳам сўзимизни исботлайди. Масалан, нафақат РФ, бутун ер шарининг энг шарқий ҳудудларидан бири ҳисобланган Камчатка ярим оролида фаолият олиб борадиган бир сайтда Ўзбекистон Президентининг Қозоғистон нашрига берган интервьюси куннинг асосий янгиликларидан бири сифатида талқин қилинган. “Красная весна” ахборот агентлигига қарашли “rossapprimavera” сайтида эса эксперт Давлатимиз раҳбарининг Туркий давлатлар ташкилоти ҳақидаги мулоҳазаларига урғу беради. Ёки Туркиянинг Анадолу агентлиги рус тили версиясида Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон билан самарали мулоқот олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратгани таҳлил этилган.

Қуйида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг энг яқин хорижий ҳамкорларидан бири – ТАСС сайтида Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон марказий нашрига берган интервьюсига муносабат шаклида эълон қилинган “В Узбекистане заявили, что демократические реформы в стране приобрели необратимый характер” сарлавҳали мақола таржимаси келтирилмоқда.

Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар ортга қайтмас хусусият касб этганини эътироф этишмоқда 

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда республика Президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни «Казахстанская правда» газетасига берган интервьюсида таъкидлади.

«Президент лавозимидаги фаолиятимнинг илк кунлариданоқ биз ўз олдимизга мамлакатни модернизация қилиш ва юрт тараққиёти учун қулай шарт-шароит яратиш вазифасини қўйдик. Ана шу мақсадларда 2017-2021 йиллар мобайнида бешта устувор йўналишга асосланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширдик. Бугунги кунга келиб кенг миқёсда, изчиллик билан ва тизимли равишда олиб борилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмас хусусият касб этди», – деди мамлакат раҳбари.

Президент қайд этишича, яқинда ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси аввалги концепциянинг мантиқий давомидир. «Мазкур стратегияда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган, миллати, тили, динидан қатъи назар, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси қонуний манфаати ва фаровонлигини таъминлайдиган халқчил ва инсонпарвар давлат барпо этиш, бир сўз билан айтганда, бизнинг “Инсон қадри учун”, деган устувор тамойилимизни тўла-тўкис ҳаётга тадбиқ қилиш асосий ўрин эгаллайди», – дея қайд этади Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари бундан кейин ҳам миллий иқтисодиётни ривожлантириш суръати ўсиб бориши, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш ҳисобига аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот миқдори оширилишини таъкидлади. «2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси даромади жон бошига ҳисобланганда ўртача даражадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириши лозим», – деб изоҳ беради мамлакат етакчиси.

Шунинг баробарида Президент қайд этадики, “Ўзбекистонда тинчлик ва хавфсизликни, қонун устуворлигини, адолатли ижтимоий сиёсат амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепцияси асосида маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни кучайтириш ҳукумат фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолаверади».

Мақоланинг аслини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади.

ЎзА